Гулнора Каримова 7-10 июл кунлари ўз оила аъзолари билан Зангиотадаги колонияда учрашган. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Тақдир тақозоси билан Каримованинг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланиши у 47 ёшга кирадиган кунига тўғри келибди.

Каримова ўз туғилган кунини қизи Имон (ва эҳтимол ўғли Ислом Каримов ила, лекин унинг номи хабарда зикр этилмаган) билан алоҳида узоқ муддатли учрашувларга мўлжалланган яшаш жойида кутиб олган.

Адлия вазирлиги хабарига кўра учрашув бўлинмаган, шунингдек, оила аъзолари олиб келган посилка ва бандеролларни киритиш чекланмаган.

Хабарда айтилишича, учрашув давомида маҳкумнинг оила аъзолари Каримовага тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ва унга босим ўтказилаётгани бўйича шикоят ва эътироз билдиришмаган.

Лекин 10 июлда Каримованинг қизи Имон Instagram саҳифасида онаси билан учрашганини ёзиб, унинг оғир аҳволда экани ва жарроҳлик амалиётига ўта муҳтожлиги ҳақида ёзган. У Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, онасини "соғлиғи тобора ёмонлашаётгани учун" озод қилишни сўраган.

"Олий Мажлис ҳар ойда аёлларни озодликка чиқаришни, шу билан бирга хиёнат, терроризм ва ваҳҳобийлик каби оғир жиноят қилган аёлларнинг озодликка чиқишларини кўриб чиқаяпти", – деб онаси озодликка чиқмаётганидан таажубланмоқда Имон Каримова.