Давлат солиқ қўмитаси автомобил ёки ҳар қандай техника ишлаб чиқарувчилар ўз хоҳишлари билан нархларни истаганча оширмасликлари учун импорт бўйича божлар кўриб чиқилишини маълум қилди. Иқтисодчилар ушбу хабарни сенсация демоқда.

Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев журналистлар билан учрашувда GM Uzbekistan компанияси йиллар давомида имтиёз олганига қарамасдан, бу автомобилсозлик соҳасини ривожлантириш учун шароит яратишга ёрдам бермаганини таъкидлаган.

У компаниялар учун рақобат муҳитини яратиш мақсадида импорт бўйича божлар қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Байрам тугади

Солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш тартиби бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони лойиҳасига кўра 1 октябрдан Ўзбекистонда енгил автомобил ишлаб чиқаришда монопол корхона бўлган GM Uzbekistan ҳам қўшимча қиймат солиғини тўлайди.

ҚҚС бўйича, жумладан, қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспортлар, бутловчи қисмлар, автотранспорт ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган материаллар ва технологик ускуналарга нисбатан бир қатор имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилган.

Мубин Мирзаев Андижонга ташрифи вақтида маҳаллий автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчилари билан учрашганида импорт қилинаётган эҳтиёт қисмлардан 2-3 баробар арзон турувчи маҳсулотлар мавжудлигига гувоҳ бўлган.

Бироқ унга кўра, GM Uzbekistan маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан маҳсулотларни сотиб олмаяпти. Солиқ қўмитаси мулозими автомобил заводи ҳеч кимга ҳисоб бермаслигини айтган.

"Завод импорт қилади. Биз имтиёзлар бердик, бироқ у ички бозордан 2-3 баробар қимматга импорт қилмоқда. Эртага ҚҚСни жорий этганимиздан сўнг ҳужжат бўлади, ҳисоб-фактура бўлади. Унда барча импорт нархлари кўрсатилган бўлади. Ҳозир ҳеч қандай ҳужжат йўқ: қаердан, кимдан, қанчага? Ҳеч ким текширмайди. Чунки имтиёзлар бор. Солиқчига бу керак эмас, чунки ҳатто текширган тақдирда ҳам у: «Солиқларни тўламасам, бу менга нима учун керак?», – деб жавоб беради", – дея таъкидлаган ДСҚ раҳбари ўринбосари.

Муносабат: Сенсация! Бунақаси бўлмаган!

Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги иқтисодий соҳада қабул қилинаётган қарорларга ўта танқидий ёндашаётган иқтисодчи Юлий Юсупов автомобил импортига божларнинг туширилишини сенсация дея баҳолади.

"Сенсация, рақобат муҳитини яратиш учун импорт автомобилларининг нархи туширилади. Шундай қилиб биз бозор иқтисодиётини қурамиз. Мени чимчиланглар, бунақаси бўлмаган", – дея ҳайратини изҳор қилган у.

Ўзбекистонда ҳозирча ягона енгил автомобил ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan кўплаб танқидларга нишон бўлиб келади.

Харидорлар завод машиналари бошқа давлатлар билан солиштирганда қимматлиги ва уни сотиб олишда пора талаб қилиш ҳолларидан нолийди.

Автомобил заводи президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам танқидларига сабаб бўлган.

Президент "10 минг ишчи ўрни яратмаса бундай завод бизга керакмас" деган.

Импорт автомобилларига қўйилган божларнинг баландлиги гоҳида кулгили ҳолатларга сабаб бўлгани ҳам айтилади.

ЎзАнинг хабар беришича, фарғоналик киши Қирғизистондан иккита "Нексия" автомашинасини 1300 долларга сотиб олган ва 600 доллар сарфлаб Ўзбекистонга олиб ўтган. Айни шу машиналар 5200 долларга баҳоланиб давлат фойдасига мусодара қилинган.