Грин-карта ғолибларини аниқлайдиган электрон сайт деярли бир кундан бери ишламаяпти. Сайт грин-карта лотереясининг бу йилги натижаларини чоп этганидан кейин ташрифчилар юкламасига чидамай ишламай қолди.

Охирги марта сайт 7 май куни Тошкент вақти билан 21:00 да ишлаётган эди.

Иқтисодий беқарорлик туфайли ва "фарзандларнинг келажагини ўйлаб" тобора кўпроқ ўзбеклар Ўзбекистондан чиқиб кетиш йўлларини қидирмоқда. Грин-карта шулардан биридир.

Грин-карта нима ўзи: 1990 йилдан бери ҳар йили тасодифий танланган 50 минг чет элликка АҚШда яшаш учун рухсатнома берилиб келади. Бу лотереянинг расмий номи "Турли миллат вакилларига виза" дастури бўлиб, халқ орасида "грин-карта" сифатида танилган.

Ғолибларни компьютер тасодифий танлайди. Дунёда грин-картага энг кўп ариза топширадиган миллатлардан бири ўзбеклардир. 2018 йили 23 млн одам лотереяда ўйнаган бўлса, шундан 2,1 млн. нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Шулардан 4,5 мингга яқинигина танланиб АҚШга кетади.

Ўзбекистон грин-карта ўйнайдиганлар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда, дунёда эса Ганадан (2.2 млн) кейин иккинчи ўринда туради.

Масалан, Қирғизистондан 72 минг, Қозоғистондан 93 минг, Тожикистондан 122 минг одам грин-картага ариза топширган.

Green Card ютган бўлсангиз: кейинги қадамлар.

Грин-картани лотереясиз ҳам олиш мумкинми: ҳа, аслида кўпчилик бошқа йўллар билан олади. Биринчиси, сиёсий бошпана сўраш :). Лекин бу бизга тўғри келмайди, бизда демократия. Демак, АҚШ фуқаросига ёки грин-картаси бор одамга уйланиш/эрга тегиш ва касбий виза олиш қолади. Касб визасини фақатгина 4 фоиз мигрантлар олади. Асосан ҳинд дастурчилари ва рус олимлари.

Трамп ўзбекнинг орзусини бекор қилмоқчи: грин-картани бекор қилиш Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди. Лекин бу масала ҳозирча муаллақ турибди.