Европа чемпионлар лигаси (ЕЧЛ) яримфинал жавоб ўйинида Англиянинг "Ливерпуль" жамоаси Испаниянинг "Барселона" клубини 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Биринчи ўйинда 3:0 ҳисобида ютган "Барселона" жавоб ўйинида яққол фаворит саналаётган эди.

Қизиғи, "Ливерпул"да муаммолар етарлича эди. "Барселона"дан фарқли ўлароқ инглиз клуби Англия чемпионатида биринчилик учун курашни давом эттирмоқда. Каталонияликлар эса бу муаммони ҳал қилиб бўлган. Бундан ташқари, жамоанинг энг асосий ўйинчиси Муҳаммад Салоҳ миллий чемпионатдаги ўйинда жиддий жароҳат олганди ва "Барселона"га қарши ўйинга тушолмаслиги аниқ эди.

Шундай қизиқ ҳолатлардан бири "Барселона"да ҳам бор. Биринчи ўйиндан (3:0) кейин Лионель Месси 4:0 ҳисобида ғалаба қозониш керак эди дея йирик ғалабадан кўнгли тўлмаганди. Ўшанда у ҳазиллашганмиди ёки башорат қилганмиди? Бошқа вариант ҳам бор: у ўйин охирида Усмон Дембеле кўкка совурган вазиятларга ишора қилган бўлиши мумкин. Дембеле "Барселона" тарихидаги иккинчи қиммат футболчи бўлиб, 105 миллион еврога сотиб олинган ва ҳозиргача жамоага киришиб кета олмаяпти.

Бу нега муҳим?

"Барселона" кетма-кет икки йилдирки, 3:0 ҳисобида олдинда бораётиб, якунда ютқазиб, ЕЧЛдан чиқиб кетаяпти. Ўтган йили чорак финалда ўз майдонида "Рома"ни 4:1 ҳисобида ютган, лекин жавоб учрашувида меҳмонда 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб мусобақани тарк этган.

Бу йил ҳам худди шу ҳолат қайтарилди. Кўпчилик "Ливерпул"нинг ғалабасига ишонмаган эди. Аммо мутахассислар мерсисайдликлар ҳақли ғалабага эришганини таъкидламоқда.

Тарихий иккинчи камбек

"Ливерпуль" тарихида "буюк қайтиш" олдин ҳам кузатилган. 2005 йилги ЕЧЛ финалида инглизлар Италиянинг "Милан" жамоасига қарши майдонга тушган. Миланликлар биринчи таймда учта гол урган. Иккинчи таймда эса учта гол ўтказган ва якунда пенальтилар сериясида инглизлар ғалабани илиб кетишган. Кечаги ўйин ҳам шундай камбек сифатида тарихга кирадиган бўлди.

"Барселона" ҳам 2017 йилда тарихий камбек қилган. Ўшанда биринчи ўйинда "ПСЖ" (Франция) клубига 4:0 ҳисобида ютқазган. Бироқ ўз уйида ўтган жавоб ўйинида 6:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Финалда инглиз дербиси бўладими?

2008 йилдан бери футбол мухлислари ЕЧЛ финалида яна инглиз дербисини кўришлари мумкин. Бунинг учун бугунги ўйинда "Тоттенҳэм" Ҳолландиянинг "Аякс" жамоасини 1 та тўп фарқи билан ютиши керак. Ўтган ҳафтадаги ўйинда "тақачилар" ўз уйида 0:1 ҳисобида ютқазишган. "Тоттенҳэм"нинг асосий футболчиси Ҳарри Кейн яна жамоасига ёрдам бера олмайди.

Чемпионлар лигаси финалида иккита инглиз жамоаси охирги марта 2008 йилда тўқнаш келган. Москвада ўтган финал ўйинида "Челси" ва "Манчестер Юнайтед" майдонга тушган ва драматик учрашувда манкунианликлар ғалаба қозонган.

Алоҳида қайд этиш керак, "Тоттенҳэм" шу пайтгача ЕЧЛ финалига чиқмаган.