Конго Демократик Республикасидаги қўриқхоналардан бирида ўзини болалигида қутқариб олган рейнжерлар билан бирга селфи тушган икки горилланинг сурати дунёни ҳайратга солмоқда.

Сурат Конгонинг Вирунга миллий паркида олинган. Ота-онасини браконьерлар ўлдирганидан сўнг икки маймунча шу ерда катта бўлган.

Парк директори ўринбосари Инносент Мбуранумвенинг Би-би-сига маълум қилишича, жониворлар ўзига ғамхўрлик қилувчи рейнжерлар хатти-ҳаракатига тақлид қилишни ўрганган.

"Гориллалар рейнжерларни ўз ота-онаси деб билади", – қўшимча қилади у.

Жаноб Мбуранумвега кўра, икки горилланинг оналарини 2007 йил июлида браконьерлар ўлдирган.

Рейнжерлар уларни топиб олганда маймунчалар атиги икки ва тўрт ойлик бўлган.

Сўнг улар қўриқхонага олиб келинган. Ўшандан буён гориллаларнинг умри шу ерда, хавфсизликда ўтмоқда.

"Ҳаётининг асосий қисми рейнжерлар ёнида кечаётгани сабабли ҳам гориллалар инсонга тақлид қилишни анча ўрганган – улар икки оёқда ҳам юра олади", – дейди жаноб Мбуранумве.

"Бу табиий ҳол эмас, – давом этади у. – Мен буни кўрганимда, шунчалик қизиқарли манзара эканидан… ҳайратда қолган эдим. Горилланинг одамга тақлид қилиб, ўрнидан туриб юришини кузатиш жуда қизиқарли".

Бироқ рейнжерлик фаолияти доим ҳам қизиқарли кечмайди – бу касб ҳаёт учун ўта хавфли ҳисобланади.

  • Ўтган йили пистирма қўйган исёнчилар Вирунга миллий паркининг беш нафар рейнжерини ўлдирган. 1996 йилдан бери қўриқхонанинг ҳалок бўлган рейнжерлари сони 130 дан ошган.
  • Конго Демократик Республикасининг шарқида ҳукумат ва қуролланган турли гуруҳлар ўртасидаги зиддият ҳамон давом этмоқда.
  • Қуролли гуруҳларнинг айримлари қўриқхона ҳудудида изғиб юради ва ҳайвонларни овлайди.