Гулнора Каримова 5 март куни уй қамоғидан колонияга ўтказилди. У хориждаги ноқонуний бойликларини мамлакатга қайтаришга фаол қаршилик қилаётгани айтилмоқда. Энди жазонинг қолган қисмини умумий режимдаги колонияда ўтайди, деб хабар берди Бош прокуратура.

  • Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирилган пулларни ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг эвазига унинг 2017 йилда белгиланган 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси 5 йилга озодликни чеклаш жазосига (уй қамоғига) алмаштирилган.
  • Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган. У шунингдек турар-жойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам бузган.

Аммо, Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан белгиланган чекловларни тизимли равишда бузиб, мажбуриятларини бажармай келган.

Огоҳлантиришга қарамасдан, Г. Каримова ўзига тегишли хулосалар чиқармасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қўпол равишда бузишда давом этган. Жумладан, бир неча марта алоқа воситаларидан, Интернетдан фойдаланган, жиноят иши бўйича ўрнатилган етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган.

“ИИВ Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тақдимномаси асосида жазони ўташ талаби ва шартларини қўпол равишда бузгани сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Г.Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг қолган қисмини жиноят-ижро қонунчилигига мувофиқ умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди", – дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.

Гулнора Каримова машмашаси қизи Имон Каримова 5 мартда ўзининг "Instagram"даги саҳифасида онасини прокуратура ходимлари уйидан олиб кетганини айтгандан сўнг яна кўтарилди.

  • Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ ҳозирча бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш муддати аниқ эмас.
  • Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда беркитиш каби жиноятларда айбланмоқда.