Швейцариянинг федерал жиноий суди Гулнора Каримовага алоқадор деб ишонилган банк ҳисобларидаги 550 миллион Швейцария франкини (557,8 миллион доллар) Ўзбекистонга қайтаришни вақтинча тўхтатиб қўйди.

Бу ҳақида қатор агентликлар хабар бермоқда.

Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа Твиттердаги постида суд қарорини "катта ғалаба" дея таърифлади.

"Ўзбекистон бизнинг мижозимизни ўзбошимчалик билан ушлаб туришни тўхтатмагунча, бу давлат билан ҳамкорлик тўхтатиб турилсин. Унга нисбатан кўпроқ босим ўтказилсин", – деди Манжа ўз твитида.

Ўзбекистон адлия вазирлиги чоршанба куни чиқарган баёнотида Каримовага қамоқхонада ёмон муносабатда бўлинаёгани ҳақидаги онлайн хабарлардан сўнг у жазо муддатини ўтаётган аёллар қамоқхонасида текширув олиб бораётганини эълон қилди.

  • Швейцария бош прокуратураси 2012 йилда Каримованинг шахсий ёрдамчиси ва Россия телекоммуникация компаниясининг ўзбек филиали бош менежери томонидан амалга оширилгани ишонилган шубҳали молиявий фаолиятни текшира бошлаган.
  • Кейинчалик прокуратура текширувлари Каримованинг икки ишчиси, унинг қариндоши ва Каримованинг ўзини ҳам ўз ичига олган.
  • Собиқ президент Ислом Каримовнинг қизи Женевадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистоннинг доимий вакили сифатида дипломатик иммунитетга эга эди, аммо у 2013 йилда суд томонидан бекор қилинган.
  • Июн охирида Каримова ўз қизи Имоннинг Инстаграм саҳифаси орқали баёнот чиқариб иқтисодий жиноятларни қисман бўйнига олган ва шу кунгача унга тегишли 1,2 миллиард доллар Ўзбекистон бюджетига қайтарилганини билдирган.