8 август куни Архангелск областида "Буревестник" (NATO таснифида Skyfall) атом двигителли круиз ракетаси портлаб кетгандан сўнг кўтарилган радиацион тўлқин Ўзбекистонга ҳам етиб келган эди. 8−20 август кунлари Ўзбекистондаги радиацион вазият ўзгармади, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Ўзбекистон расмий идорасининг рус тилидаги баёнотининг таржимаси Tarjumon.uz нашрига тегишли).

Ушбу кунларда, Ўзгидромет маълумотларига кўра, мамлакат ҳудуди Туркманистон орқали кириб келган Каспий денгизининг жануби ва Эрон осмонидан шаклланган жануби-ғарбий ҳаво массалари таъсири остида бўлди.

Мамлакат бўйлаб экспозицион гамма-нурланиш дозаларининг ойлик ўртача қуввати соатига 0,16 микрозивертни ташкил этиб, 0,08 мкзв/с дан 0,24 мкзв/с гачани атрофида тебраниб турди. Экспозицион дозанинг энг хавфсиз чегараси 0,30 мквз/с ни ташкил этади.

Кўрсатиб ўтилган даврда республика бўйлаб гамма-нурланишнинг экспозицион дозаси ўртача 0,15 мкзв/с, Тошкентда энг юқори кўрсаткич 0,16 мкзв/с ни ташкил этди.

Севенродвинск яқинидаги Ненокса қишлоғига ёндош машғулот майдончасида 8 август куни портлаш содир бўлди, натижада Росатомнинг беш нафар ходими ҳалок бўлди.

Архангелск ҳокимияти портлашдан нурланиш даражаси ошганини, кейинроқ эса радиация нормал ҳолатга қайтганини иддао қилган. Воқеа содир бўлган куни яқин атрофдаги Северодвинск маъмурияти радиация даражасининг қисқа муддатли ўсиши ҳақида хабар берган, эртаси куни бу баёнот ўчирилган.

Россиядаги Дубна, Киров ва яна икки радиацияни мониторинг қилувчи станциялар портлашдан сўнг ўз маълумотларини халқаро марказга беришни тўхтатди. Бу ҳақда Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш ҳақидаги шартнома ташкилоти айтган.

РФ президенти Владимир Путин 2018 йилнинг март ойида парламентдаги чиқишида ядровий двигателга эга ракетанинг синовлари муваффақиятли ўтганини, бу ракетани мавжуд ракетага қарши тизимларнинг (ПРО) ҳеч қайсиси уриб туширолмаслигини айтган эди. Лекин америкалик разведкачилар ракетанинг 13 синовидан ҳеч қайсиси муваффақиятли бўлмаган деб ишонтирмоқда.