ФСБ “Яндекс” компаниясидан “Яндекс.Почта” ва “Яндекс.Диск”дан фойдаланувчиларнинг маълумотларини олиш учун шифрларнинг калитини талаб қилган. Бу ҳақда РБКга компания ходимлари маълумот берган. Аммо компаниянинг ўзи расман бундай талаб бўлганини рад этган.

Бу бир неча ой аввал бўлган.

РБКнинг ёзишича, ФСБ "Яндекс"дан сессия калитини талаб қилган. Фойдаланувчи "Яндекс" серверига уланганда сессия калити унинг ёзишмалари, логин ва паролларини шифрлайди. Ҳар бир сессия учун алоҳида шифрловчи калит бўлади. Фойдаланувчи тизимдан чиққанда калит ўз ишини тўхтатади. Бу калит орқали нафақат ёзишмалар, логин, парол, метамаълумотларни ҳам қўлга киритиш, фойдаланувчи трафигини кузатиш мумкин.

  • Бу нега муҳим: компаниянинг махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилиши унга бўлган ишончни камайтиради, фойдаланувчилар бойкот қилиши, компанияга катта молиявий зарар етиши мумкин.
  • Агар шу ҳисобга олинса, "Яндекс" ФСБ билан ҳамкорлик қилган тақдирда ҳам буни ошкор қилмасликка мажбур ёки ўзининг обрўсини сақлаш учун ФСБ талабини бажармаганини маълум қилади.

Россияда ФСБга талаб қилинган маълумотларнинг берилмаслиги сайтларнинг тўлиқ блокланишига сабаб бўлиши мумкин. "Яндекс" одатдагидек ишлаб турибди.

2016 йилги қонунга кўра ФСБнинг Оператив ва техник тадбирлар маркази Ахборот тарқатиш ташкилотчилари реестрига киритилган барча интернет тузилмаларидан маълумот талаб қилиши мумкин.