Париж суди қўриқчисига Париждаги саройини таъмирлаш учун ёлланган франциялик уста Ашраф Ийдни калтаклатгани учун Саудия Арабистони қиролининг қизи Ҳасса бинт Салмонни сиртдан айбдор деб топди. Саудия маликаси шартли равишда 10 ойга озодликдан маҳрум этилиб, 10 минг евро жаримага тортилди. Ҳасса бинт Салмон судда қатнашмаган.

Жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ҳодиса 2016 йилнинг сентябрида содир бўлган. Саудия қиролининг Париждаги саройини таъмирлаш учун ёлланган Ашраф Ийд бир неча хоналарни телефонида суратга олган. Суратларнинг бирида қирол қизи акс этиб қолган.

Ёлланма уста Ҳасса бинт Салмонни суратга олиш нияти бўлмаганини, у суратга тасодифан тушиб қолганини таъкидлаган. Париж суди ишонган ушбу сўзларга Саудия маликаси ишонмаган. Қирол қизининг қўриқчиси французнинг телефонини тортиб олган. Ўзини эса уриб, маликанинг оёғини ўптиришга мажбурлаган.

Ушбу ҳодисадан кўп ўтмай Ҳасса бинт Салмон ҳибсга олинган, бироқ тез орада сўроқ қилинмасдан қўйиб юборилган. Шундан сўнг у Саудия Арабистонига учиб кетган. Суд унга сиртдан ҳукм чиқарган.