Финляндия миграция хизмати (Migri) хабарига кўра, ўзбекистонлик 139 қурувчи қалбаки дипломи деб мамлакатдан депорт қилинади.

Финляндияда ишламоқчи бўлган қурувчиларнинг ҳужжатларида "Туямўйингидрострой" комбинати ўқув курсларини тугатгани акс этган. Migri бу маълумотга аниқлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонасига сўров юборган. Элчихонадагилар комбинат 1993 йилда ёпилиб кетганини айтган. Қалбаки ҳужжатларда эса қурувчилар комбинат курсларини 1997 – 2016-йиллари тугатгани кўрсатилган.

Қалбаки ҳужжатларни текшириш 2018 йил октябрида шу ўзбекларнинг орасидаги бири бу ҳақида маълумотни Финляндия чегара хизматига сиздиргандан кейин бошланган. Migri маълумотига кўра, жами 400 тага яқин қалбаки ҳужжат аниқланган.

Финляндия қурилиш саноати иттифоқининг айтишича, мамлакатдан депорт бўлган ўзбекистонликлар асосан бўёқчи ва сувоқчи бўлиб ишлашган.

"Бундай ишларни фақат ўзбекистонликлар қилади. Агар Migri уларни депорт қилишда давом этса, бутун бошли соҳа хавф остида қолади", – деган LTU Group қурилиш компанияси бош директори Малик Бентойиб.

Қоидага кўра Migri Европа иттифоқига кирмайдиган давлатлардан келган одамларнинг ҳужжатларини қалбаки деб топса, улар дарҳол депорт қилинади ва икки йилга Шенген визасига тақиқ қўйилади.