Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов блогерлар нафақат ўзлари тарқатган маълумотлар, балки улар остидаги «сохта аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган» шарҳлар учун ҳам масъул эканлигини айтган.

Бу ҳақдаги расмий баёнот ва видео чоршанба куни эрталаб Алламжоновнинг Instagram ва Facebook саҳифаларида жойлаштирилган.

Унда агентлик раҳбари ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини олқишлагани ҳолда, «охирги пайтда хақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бораётгани»ни қайд этган.

«Бундай изоҳлар ўз навбатида ҳар бир фуқарога салбий таьсир кўрсатиб, ёлғон маълумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли мишмишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Энг ёмони, буларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки «фейк», яъни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани катта савол туғдиради», – дейди Комил Алламжонов.

Бу «нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёнинг бошоғриғига айлангани»ни қайд этган Алламжонов оммавий тартибсизликлар хавфидан ҳам огоҳлантирган.

«Сизга яхши маълумки, турли оммавий тартибсизликларнинг барчаси ушбу ресурслар ёрдамида амалга оширилади. Яқин қўшни давлатлар, умуман, дунё ҳамжамияти ҳам ушбу муаммо билан қаттиқ курашиб келмоқда», – дейилади баёнотда.

Алламжоновга кўра «ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир».

Мулозим «жуда кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти ўрганилганда айнан шу мезонга қатъий амал қилиниши кўрилгани»ни айтган, аммо аниқ давлатлар тажрибасидан мисол келтирмаган.

У блогерларни жавобгарликдан огоҳлантирган

«Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда юқоридаги талабга риоя қилишлари, балки белгиланган қонун асосида улар остидаги фуқаролар, "фейк" аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эсатиб ўтмоқчимиз. Сиздан фақатгина қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бундай маьлумотларни ўтказмаслик ёки саҳифангиз остида ёзилган бўлса, уни зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйиш сўралмоқда», – деб айтган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўз баёнотида.

Аввалроқ у «Озодлик» радиосини ўзига қарши салбий ахборот кампанияси юритишда айблаганди.

12 август куни эълон қилинган баёнотда «Озодлик» радиоси 48 та сохта аккаунт ёрдамида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) раҳбариятига қарши қасддан салбий ахборот кампаниялари тарқатгани» даъво қилинган.

«Нохуш хабар»

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг баёноти маҳаллий блогерлар томонидан «нохуш хабар» дея қаршиланди.

«Бировни емаган сомсаси учун ҳақ тўлашга мажбур қиладиган қонун – бўлмағур қонун. Бирор тайинли халқаро ташкилотга экспертизага берилса, ўша қонунни ҳам "ОАВ тўғрисида"ги қонунимиз каби бир тийинга қиммат деб баҳолаб беради», – деб ёзди блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг «Телеграм»даги каналида.

Унинг фикрича, Алламжоновнинг сўнгги баёноти ҳукумат сўз эркинлиги борасида аввалроқ берган муждалар оҳангига зид.

«Фэйсбук» фойдаланувчилари Алламжоновнинг баёноти остида кўплаб танқидий изоҳлар қолдиришган.

«Ҳар бурчакдан "сўз эркинлиги, сўз эркинлиги!" деб жар солаяпмизу, лекин "комментаторнинг ёзгани учун сайт эгаси, блогер, админ жавоб беради!" деган мана бунақа сигналлар – жуда нохуш ва ёқимсиз. Истак бўлса, ҳар қандай аноним ва фейкнинг ортидаги одамни топса бўлади», – деб ёзди Аъзамхўжаев.

Яна бир блогер Нурбек Алимов эса бошқа давлатларнинг блогерлар ўз блоглари остида қолдирилган изоҳлар учун масъул эмаслиги назарда тутилган қонунчилик тажрибасидан мисоллар келтиради.

«Германия ва Россияда суд қарори билан ўчиришинг мумкин шарҳни, Финляндия ўчиришни тавсия этади ва мажбурламайди. АҚШ эса демократия ва сўз эркинлигининг ини сифатида блогер ёки сайтни унда бошқалар томонидан қолдирилган шарҳлар учун умуман жавобгарликка тортмайди. Тарам парам пам!», – деб ёзган у Alimoff каналида.

Блогер Нозим Сафари эса «Ушбу телеграм канал постлари остида ёзилган комментларга Сафари жавобгарликни ўз бўйнига олмайди», – дея истеҳзо қилган.

Комил Алламжоновнинг огоҳлантириши унинг муовини Саида Мирзиёеванинг «блогерларни қўшимча қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ нормалар ишлаб чиқилаётгани» ҳақидаги баёноти ортидан янграган.

2 август куни «Фэйсбук»ка жойлаштирган постида Саида Мирзиёева айни мақсадда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини айтганди.