Агар кичкинтойингиз боғчадан бировнинг қўғирчоғини кўтариб келса ташвишланманг, болам келажакда ўғри бўлиб кетади деб хавотирланманг. Одатда болалар ёмонлиги ёки ёвузлиги учун нарса ўғирлашмайди: бунинг илдизи кўпинча оиладаги муносабатларга бориб тақалади.

Савол. Беш яшар қизим боғчадан ҳар хил ўйинчоқлаб олиб келиб синглисига ҳадя қилаётганини билиб қолдим. Айтишича, бир-иккита эртак тўқиб айтиб бергани учун ўйинчоқларни унга совға қилишган эмиш. Илгари ҳеч бундай қилмасди. Мен унга бировнинг нарсасини олиш мумкин эмаслигини тушунтирдим. Бу ўйинчоқлар боғчаники эканини, уни ҳамма болалар ўйнаши кераклигини, ҳамма битта-битта ўйинчоқни уйига олиб кетаверса боғчада ўйнаш учун ўйинчоқ қолмаслигини уқтирдим. Лекин у бу қилиғини ташламаяпти. Кейин биз ўйинчоқларни боғчага қайтариб бераяпмиз, аммо болам буни хоҳлааслиги юз-кўзидан кўриниб турибди. Уйда ўзининг ўйинчоқлари кўп. Ҳатто бир қизимизнинг туғилган куни бўлса иккинчиси ҳам совғасиз қолмайди. Маслаҳат беринг, қизим яна ўғирлик қилмаслиги учун нима қилай, унга қандай тушунтирай?

Жавоб. Бола боғчадан бирон нарсани сўрамасдан олса ота-оналар болам ўғри бўлиб кетади деб ташвишга тушиб қолишади. Билиб қўйганингиз яхши: аксарият ота-оналар умрида бир марта бўлса ҳам шундай вазиятга дуч келади.

Бировнинг нарсасини сўрамасдан олиш беш яшар бола учун нормал ҳолат. Бу ёшда болалар ўз хатти-ҳаракатлари ва истакларини тўлиқ назорат қила олишмайди. Уларда ирода шаклланмаган бўлади. Лекин бу мазкур ҳолатга эътибор бермаслик керак дегани эмас. Бола ижтимоий нормаларни ўзлаштиришига кўмаклашиш учун бундай хулқнинг сабабини тушуниш лозим.

Болалар ўғирлигининг бир нечта сабаби бўлиши мумкин:

1. Қуш уясида кўрганини қилади. Ота-оналар ўз хулқи билан ўрнак бўлсаларгина ўғирликнинг ёмонлиги ҳақидаги гаплар, “сеники – бировники” деган тушунчалар болага таъсир қилади.

2. Боланинг шахсий нарсалари бўлмайди. Кўпинча нарсалар боланики бўлади-ю, лекин уларга ота-она хўжайинлик қилади. Ёки нарса бола билан унинг ака-укаси ёки опа-синглисига бирдай тегишли бўлади. Бу “меники – бировники” деган тушунча шаклланишига имкон бермайди. Албатта боланинг ташлаб юборадими, совға қиладими, яшириб қўядими, тегинмайдими – нима қилса ўзи биладиган шахсий нарсалари бўлиши шарт. Шунингдек бола унда бу нарсаларга нисбатан ҳуқуқ билан бирга бошқаларга нисбатан мажбурият ҳам борлигини тушуниши лозим. Яъни болага отасининг, онасининг нарсалари қаерда туриши, унинг нарсалари қаерда туришини тушунтириш керак.

3. Ўзини кўрсатиш. Баъзи ота-оналар боласини ҳадеб ким биландир солиштираверади, койийди, камчиликларини кўрсатаверади. Шунинг учун бола ўзини кўрсатгиси келади ва бировларнинг нарсасини ўғирлайди.

4. Эътиборталаблик. Ота-оналар иш билан банд бўлиб, болага етарлича меҳр беролмай, бу айбини уни совғалар билан сийлаб ювишга ҳаракат қилган ҳолатлар ҳам бўлади. Меҳрга қонмаган бола эътибор ва буюмлар ўртасида қанақадир боғлиқлик бор деб ўйлай бошлайди. Шу боис бировларнинг нарсасини ўғирлаб бўлса ҳам ота-онанинг эътиборини ўзига қаратишга ҳаракат қилади.

Бола нарса ўғирламаслиги учун шундай ният ва сабабларга ўрин қолдирмаслик керак. Албатта, бола боғчадан нарса ўғирлашининг яна бир нечта сабаблари бўлади, лекин улар боланинг ўзигагина хос бўлиб, психотерапия жараёнида ойдинлашади.

Шунча уқтирганингизга қарамай бола барибир яна шу қилғилиқни қилган бўлса у билан уйда юзма-юз, ёлғиз, хотиржам гаплашиш керак. Ҳеч қачон у билан бу ҳақда бировларнинг олдида гаплашманг. Суҳбат пайти сизнинг оилангизда бундай ишга йўл қўйилмаслигига урғу беринг. Бола ҳам, сиз ҳам хотиржам ҳолатда бўлишингиз лозим. Насиҳат беришдан тийилинг. Чунки мақсадингиз ўғирлик ёмонлиги, ўғирлик қилаверган одам бунга ўрганиб кетиши ҳақида ваъз қилиш эмас, боланинг кўнглига йўл топишдир.

Боладан, айниқса мактаб ёшига етмаган боладан нега бундай қилдинг деб сўраш мумкин эмас. Болалар “нега?” деган саволга жавоб бера олишмайди.

Боладан конкрет саволларни сўраш ва унинг туйғулари билан қизиқиш керак. Ундан нима қилганини, нарсани кимдан олганини сўранг.

Кейин унга нарсани эгасига қайтариши ва ундан узр сўраши лозимлигини тушунтиринг. Бу пайтда бола ва нарсанинг эгаси ёлғиз бўлишгани маъқул. Ота-оналар ёки педагогларнинг болани ҳамманинг олдида узр сўрашга мажбурлаши кутилган самарани бермайди, у ўзини камситилгандай ҳис қилади. Болага ўғирликдан ҳам кечирим сўраш оғир ботади.

Бола узр сўраганидан кейин у билан бу ҳақда узоқ гаплашиш керак эмас, индинида бўлса у аллақачон ўзига керакли хулосани чиқариб олган бўлади.

Агар ўғирлик яккам-дуккам бўлмай мунтазам такрорланаверса психологга мурожаат қилишга тўғри келади, чунки бунинг юқорида саналганлардан бошқа, чуқурроқ сабаби бўлиши мумкин. Ота-оналар кўпинча таъна эшитишдан қўрқиб, психологга боришдан чўчишади. Чунки бола қандайдир ножўя иш қилган бўлса аввало ота-она ўзини айбдор ҳис қилади. Лекин яхши психологлар махфий ишлашади ва таъна қилмай, сизга ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Яхши психолог ҳамиша сизга далда бўлади.

Руҳингизни чўктирманг. Боланинг қандай тарбия топиши бизга боғлиқ, шунинг учун ҳаракат қилиш керак.