Агар фарзандингиз ахборотни ўзлаштириш бўйича қайси тоифага киришини билсангиз болани ўқишга қизиқтириш ва бўлажак даҳони тарбиялаш жуда осон. Эҳтимол сизга маълумдир, одамлар уч хил бўлади: визуал (кўз орқали идрок қилиш қобилияти ривожланган), аудиал (эшитиш орқали идрок қилиш қобилияти ривожланган), кинестетик (ушлаб кўриб идрок қилиш қобилияти ривожланган). Кичкинтойингизнинг таҳсилини у қайси тоифага киришига қараб йўлга қўйиш керак.

Ҳар биримизда буларнинг учаласи ҳам бўлади, аммо фақат биттаси етакчи ҳисобланади. Шуниси қизиқки, вақт ўтиши билан идрок қилиш тарзи ўзгариши мумкин, дейлик гўдаклигида аксарият болалар дунёни ушлаб кўриш орқали идрок қилса, яъни кинестетик бўлса, улғайгач кўпинча визуалга айланадилар. 

1Аудиални қандай аниқлаш мумкин?

Аудиал нутқида оламни эшитиб идрок этиш билан боғлиқ сўзларни кўп ишлатади: паст, баланд, жарангдор овоз, эшитинг, муҳокама қилмоқ, ингир ва ҳоказо. Бола ахборотни қандай қабул қилишини билишнинг энг оддий усули ундан ҳаётидаги бирон-бир воқени айтиб беришни сўрашдир. Масалан, аудиалнинг денгизга оилавий саёҳати ҳақидаги таассуроти шундай бўлади: чайкаларнинг қичқириғи, тўлқинларнинг шовуллаши ва бошқалар, визуал чарақлаган қуёш ва кўм-кўк денгизни, кинестетик эса илиқ қум ва ёқимли тўлқинларни эсга олади.

  • Аудиал болалар оламни товушлар орқали идрок қилгани учун тили тез чиқади.
  • Луғат бойлиги кўп бўлади.
  • Мусиқа ва эртак тинглашни хуш кўради.
  • Кўриб идрок этиш билан боғлиқ нарсаларда тенгдошларидан бироз ортда қолиши мумкин. Масалан, расмдаги фарқларни ёки унда нима тасвирланганини топишга қийналади. Бу кўникмани ўйин ва машқлар ёрдамида ривожлантириш керак.
  • Одатда мулоқот пайти аудиалларнинг нигоҳи ўртага (визуалларники озгина юқорига, кинестетикларники пастга) қаратилган бўлади.
  • Мактабда танаффус пайтида аудиал гап сотиб, шовқин солади.
  • Уйга берилган вазифани доскадан ёзиб олмайди, партадошидан сўраб, унинг оғзидан ёзиб олади ёки уйга келиб телефонда биронта синфдошидан сўрайди.
  • Товушларга осон чалғийди.
  • Одатда бирон нарсага ёки берилган саволга тез жавоб бера олмайди.

2Ахборотни аудиалга қандай етказиш мумкин?

Бола сизни тушуниши учун унинг “тилида” гапиришга ҳаракат қилинг. Яъни товуш товланишларидан фойдаланинг, баланд, паст, пауза қилиб гапиринг.

Ҳеч қачон болага овозингизни кўтарманг. Бундан унинг дили вайрон бўлади. Агар унга танбеҳ бермоқчи бўлсангиз шивирлаб “ш-ш-ш” денг.

Уй вазифасини бажараётганда бола гапириб, столни тиқирлатиб, лабини қимирлатиб ишласа унга осон бўлади. Бунинг учун уни койиманг.

Аудиал учун энг муҳими маромдир. Агар унинг гапларига керакли маромда бош ирғаб турсангиз тилини топишингиз осон бўлади. Мабодо маром болага мос келмаса у хатарни ҳис қилади, тормозланиб қолади ва сизга қалбини очмайди.

Унга тез-тез “мен сени эшитаяпман”, “гапимни эшит” деб туринг. Боланинг олдида сўкинманг, ҳақоратли сўзларни ишлатманг. Булар унинг дилини оғритади.

Бола билан дилдан суҳбатлашиб туринг, унга ҳар хил воқеаларни гапириб беринг, нималарни ҳис қилаётганингизни айтинг.

Таълим беришда мусиқий ўйинлардан, методик аудиоматериаллардан фойдаланинг.

Аудиални қистаманг, у ёки бу топшириқни бажаришига вақт беринг.

Аудиал боланинг гапини бўлманг, бу унинг табиий маромини бузади ва жаҳлини чиқаради. У гапини тугатгунча диққат билан тинглашни ўрганинг.

Болага ўқишни иложи борича эртароқ ўргатинг. Аудиал учун мутолаа энг яхши психотерапия, тангликдан чиқиш воситаси ва кўплаб саволларига жавоб топиш имконияти ҳисобланади.