2 июл куни ЎзА вебсайтида пайдо бўлган «Саҳналаштирилган қабул» сарлавҳали мақолада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев 28 июн куни Фарғона шаҳрида сайёр оммавий қабул ташкил этгани ва бу тадбирда фуқароларни ишга жойлаш бўйича кўплаб кўзбўямачиликларга йўл қўйилгани иддао қилинади.

ЎзА мақоласи

Анвар Қўчқоров ёзган мақолада қабулнинг расмий натижаларига кўра «11 шаҳар-туманда яшовчи 53 фуқаро мурожаати тингланиб, уларнинг 11 нафари ишга жойлаштирилгани», аммо ишли бўлган икки аёлнинг вазир Кудбиев ёрдами билан «расман ишга қабул қилинган жойда», яъни Марғилон шаҳридаги 6-мактабгача таълим муассасасида аслида узоқ вақтдан буён ишлаб келаётгани борасида сўз боради.

Муаллиф ишли аёлларга расмиятчилик учун вазирнинг сайёр қабулида «ишга жойлашишда ёрдам сўраб қилган мурожаати» асосида, гўё «иш топиб берилгани»ни тахмин қилади.

Мақолада аёлларнинг вазир қабулига қадар ҳам ушбу боғчада меҳнат қилиб келганига иш ҳужжатларидан далиллар келтирилган.

Шунингдек, жаноб Қўчқоровнинг ёзишича, туманлардан бирининг бандлик бўлими раҳбари «вазир қабулига икки-учтадан одам олиб келасан» деган буйруқ олган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мақола эълонидан сўнг зудлик билан унда келтирилган иддаолар бўйича муносабат билдирди.

Расмий баёнотда сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53 та мурожаатнинг ҳар бири бўйича вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов бошчилигида ички текширув ўтказилиши таъкидланади.

Орадан икки кун ўтгач, ички текширув жараёнида иштирок этган Kun.uz нашри мухбири вазир сайёр қабули бўйича суст фаолият юритгани ва ижро интизомига риоя этмагани ҳамда берилган топшириқларни етарли даражада бажармагани туфайли қатор туманларнинг бандликка кўмаклашиш марказлари директорлари ҳайфсан, жарима кўринишидаги жазоларга тортилгани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, юқорида тилга олинган икки аёлнинг болалар боғчасига ишга жойлаштирилиши юзасидан кўзбўямачиликка йўл қўйилгани ҳам тан олинган.

Вазирга қарши қоралов кампанияси бошландими?

Бироқ мақолага муносабат билдирган блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари вазир Кудбиевнинг Фарғонага аслида оммавий қабул ташкил этиш эмас, балки «аммасининг ўғли ўтказаётган тўй» учун келгани ҳамда унинг чойхонада таомланиши тасвирланган жумлаларга танқидий муносабат билдирдилар.

Хусусан мақолада жаноб Кудбиевга ҳамроҳлик қилган «чойхона хизматчиси»нинг қуйидаги сўзлари келтирилади:

«Менга вазир ва ўринбосари келади, шунга яраша астойдил хизмат қиласиз дейишди. 8-хонани ювиб тарадик. Дастурхонга келтириб беришган ноз-неъмат сиғмай кетди. Риштонча ош пиширдик. Лекин... – Чойхона хизматчиси бироз қизариб олди. – Уч эркак, бир аёл эди улар. Биттаси – бизга ош буюрган мезбон – вазирликнинг Фарғонадаги одами экан. Меҳмонлар ичаверишди-ичаверишди... Ҳалиги мезбон ароқ ташийверди... Беш шиша ароқ ичишиб, ошни тузуқ-қуруқ ейишмабди ҳам. Кейин вазирми, ўринбосарими, икки қўлтиғига кириб аранг машинага солишди. Вазир дегани ҳам шунақа бўладими-а?!».

Мазкур ҳолат айрим блогер ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида вазир Шерзод Кудбиевга қарши оммавий қоралов кампанияси бошланган деган тахминларнинг юзага келишига сабаб бўлган.

Вазирлик муносабати

Би-би-си ўзбек хизмати бу фаразлар бўйича расмий муносабат олиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат этди.

Суҳбатда бўлган вазирлик матбуот маркази вакили «саҳналаштирилган қабул» ва обрўсизлантириш фаразлари ўрганилаётгани, бу борада тез орада расмий билдириш берилишини маълум қилди.

«Бировни қоралаб қўйиш осон. Айтаётган нарсангизни ўрганаяпмиз… Ҳақиқатан шу нарса бўлганми, биз томондан йўл қўйилган хатоми ёки ҳақиқатан сайёр қабулга кимнидир "подстава" қилиб киргизворишганми?.. Ҳаммаси ўрганилаяпти», – дейди вакил.

9 июл куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган расмий хабарда ички текширув натижалари келтирилган, хусусан, кўзбўямачилик ҳолатлари бўйича ЎзА мақоласида билдирилган иддаоларнинг аксар қисми тан олинган.

Бироқ расмий хабарда эҳтимолий обрўсизлантириш ҳаракатларига муносабат билдирилмаган.

ЎзА муносабати

Шундан сўнг Би-би-си ўзбек хизмати «заказ мақола» тахмини бўйича мақолани эълон қилган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги билан боғланди.

ЎзА ахборот таҳририяти бош муҳаррири Аслиддин Суюнов мақолани «ҳозирги демократик жараёнда оммавий ахборот воситасининг ўз позициясидан келиб чиқиб, эркин билдирган фикрлари» ўлароқ тасвирлайди.

Суюновнинг сўзларига кўра, мақоланинг буюртирилганига оид тахминлар асоссиз ва «заказ» бериладиган даврлар аллақачон ўтиб кетган, муҳими эса юқори лавозимли мансабдорларга доир танқидий фикрларни очиқ билдиришга имкон туғилгани эътиборга моликдир.

«Кўпчилик одамлар ҳар хил муносабат билдиради. Энди бу эркин жамиятда бўладиган воқеалар-ку. Бир хиллар ўйлайди, асл моҳият қолиб, шахсий томонларни ёритиб беради деб. Бу энди уларнинг фикри. Ҳозир энг муҳим нарса – давлатнинг расмий ахборот агентлигида вазирларнинг ҳам, ҳокимларнинг ҳам хато-камчиликлари борми, олиб бораётган ишлари қилинаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлаяптими – шунинг ёритилгани. Авваллари бирор марта эшитганмисиз вазирни ахборот агентлиги "урибди" ёки давлат газеталари "уриб чиқибди" деган гапларни?», – сўзлайди Суюнов.

«Нега ЎзА вазирнинг оддий фуқаро сифатида чойхонада дам олиш ҳолатини ҳам тилга олган?» деган саволга муҳаррир шундай дейди:

«Раҳбар одам, хоҳлайдими-йўқми, ҳар қандай жамиятнинг кўзгуси. Ҳамманинг фикри ҳар хил. Турфа фикрлар билан жамият ривожланади дейди-ку. Вазирми, ҳокимми – уларнинг қилган хатосини кўрсата олишимизнинг ўзи катта ютуқ-да».

Бундан ташқари, Аслиддин Суюнов «буни ёритиш керак, буни ёритмаслик керак» қабилида иш кўриладиган бўлса, матбуотнинг яна эски замон қолипларига тушиб қолишини таъкидлайди.

«Мана ҳозир кўпгина газеталар, телеканаллар ҳали ҳам ўша эскича қараш, эскича цензура билан ўтирибди. Уни ёритсак ҳукуматдан гап эшитамиз, буни ёритсак ислоҳотларга тўсиқ бўлади, вазир хато қилса ҳам уни мақтаб туришимиз керак деган қарашлар билан ҳали ҳам ётибди», – дейди суҳбатдош.

Муаллифнинг ўзи нима дейди?

Би-би-си ўзбек хизмати ЎзАда эълон қилинган мақола муаллифи – Анвар Қўчқоров тахаллуси остида ижод қилувчи журналист билан ҳам боғланишга муваффақ бўлди.

«Бу мақола воқелик ҳақида ёзилган. Шерзод Кудбиевни шахсан танимайман, унга нисбатан шахсий адоватим ҳам йўқ», – дейди журналист.

Анвар Қўчқоров мақоланинг мутлақо буюртма эмаслиги, шунчаки ўз ишига масъулиятсиз мансабдорларнинг қилаётган ишларидан куюниб ёзилган гаплар эканини таъкидлайди.

Ҳолатни батафсил ўрганганини билдирган муаллифнинг айтишича, Шерзод Кудбиев аммаваччаси ўтказаётган тўйга боришга баҳона топиш учун Фарғонага келишидан бир кун аввал – кечки соат 22 да вилоят масъулларига зудлик билан оммавий қабул ташкиллаш топшириғини берган.

Шу сабабдан ҳам шошиб қолган вилоят ва туман бандликка кўмаклашиш марказлари мутасаддилари кўзбўямачиликларга йўл қўйишга мажбур бўлган.

Вазирнинг чойхонадаги маишати тасвирланган жумлаларни эса Анвар Қўчқоров шундай изоҳлайди:

«Агар у уйида, ресторанда ишдан бўш вақти ёки дам олиш кунлари шундай иш билан шуғулланганда, бу унинг шахсий иши эди. Лекин иш вақтида, куппа-кундуз куни чойхонадаги ўнлаб одамлар ичида ўзини бундай тутиши ҳукумат аъзосига номуносиб иш деб ўйлайман. Бу ерда ҳукуматнинг имижи ҳақида гап кетаяпти, Кудбиевнинг эмас. Бу ҳолат одамларнинг вазирлар шундай бўлар экан-да деб ўйлашига сабаб бўлади».