Ўзбекистонда илк бор иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими ташкил этилмоқда.

Бундай тизим нега муҳим: Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликларда инсон капитали деградацияга учраётгани ва бу жараён тўхтамаётгани сир эмас. Бунга сабаб "ақллар ҳижрати" билан бирга мамлакатда иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими ташкил этилмаганидир. Натижада миллатнинг интеллектуал элитаси қайта шаклланмаётган эди. Инсон капиталисиз мамлакат на барқарор иқтисодий ўсиши, на келажак меҳнатига қодир ишчилар контингентини шакллантириши, на халқаро майдонда рақобатлашиши мумкин.

Афсус, бу муаммо билан ўзбек ҳукумати сўнгги йиллардагина жиддий шуғулланишни бошлади. Лекин ҳечдан кўра кеч яхши.

  • Бу борада илк қадам янгича фикрлайдиган, миллатпарвар интеллектуал элитани шакллантиришга қаратилган Президент мактаблари такил этилиши бўлди.
  • Иккинчи муҳим қадам эса президентнинг иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимига зарурат мавжудлигини эътироф этган мазкур қарори бўлди.

Истиқболли ёшлар айнан қандай қўллаб-қувватланади: Халқ таълими вазирлигида Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилаяпти. Унинг асосий вазифалари этиб

  • иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш,
  • улар фаолиятини (масалан, маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда қатнашишини) илмий, услубий ва ташкилий жиҳатдан таъминлаб бориш белгиланди.

Қуйидаги халқаро олимпиадалар ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади:

  • Халқаро математика олимпиадаси – International Mathematical Olympiad (IMO);
  • Халқаро физика олимпиадаси – International Physics Olympiad (IPhO);
  • Халқаро кимё олимпиадаси – International Chemistry Olympiad (IChO);
  • Халқаро биология олимпиадаси – International Biology Olympiad (IBO);
  • Халқаро информатика олимпиадаси – International Olympiad in Informatics (IOI).

Бу ғолибларга “устоз-шогирд” тизими асосида соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассислар бириктирилади.

Халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараваридан 200 бараваригача бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади.

Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади.

Республика олимпиаларида 1 – 3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади.

Республика миқёсида ўтказиладиган асосий фан олимпиадалари ғолибларини имтиҳонсиз ОТМга қабул қилиш тизими бекор қилинди.

Мактабга малакали педагогларни қайтариш мақсадида ўқитувчи бўлиб ишлаётган:

  • халқаро олимпиадалар ғолиблари маошига ҳар ой 150 фоиз;
  • республика олимпиадалари ғолиблари маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақ тўланади.

ОТМни тамомлаган олимпиада ғолиблари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.