Фан олимпиадалари ғолиби бўлган, халқаро олимпиадаларга ўқувчилар тайёрлаётганлар Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти бошлиғи ва мутахассиси лавозимларига ишга таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистон президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги тизимидаги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментининг бошлиғи ва бошлиқ ўринбосари, шунингдек, олимпиадаларни ташкил этиш, олимпиада назорат материалларини тайёрлаш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш, олимпиада натижаларини мониторинг қилиш бўлимларининг ҳар бирига бошлиқ, бош ва етакчи мутахассислар ишга олинади.

Юқори ташкилотчилик қобилиятига эга, мустақил фикрловчи, миллий ҳамда халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган, айни вақтда жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган, шу жумладан, педагогик фаолияти давомида халқаро олимпиадаларга ўқувчилар тайёрлаётган, илғор халқаро тажрибаларни татбиқ қила оладиган, хорижий тилларни биладиган барча шахслар танловда иштирок этиши мумкин.