Франция мусулмонлар кенгаши Янги Зеландиядаги масжидга қилинган ҳужум жонли тарзда намойиш қилингани учун Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингини судга берди.

Даъвогар томон Facebook ва YouTube сайтларини вояга етмаганлар кўриши мумкин бўлган "терроризмни тарғиб қилувчи ва инсониятга зиён етказувчи" ахборотлар тарқатишда айблаган.

Франция қонунчилиги бўйича бундай ҳаракатлар учун 3 йиллик қамоқ жазоси ва 75 минг евро миқдорида жарима белгиланади.

  • Facebook Крайсчёрчдаги масжидга қилинган ҳужумнинг онлайн трансляциясини тўхтатиш учун жуда кўп вақт сарфлаган, лекин кейин ўша видеоёзув тарқалиб кетишининг олди олинмаган.
  • "Facebook"даги трансляция 17 дақиқа давом этган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрича, тўғридан-тўғри эфир вақтида видеоёзув 200 мартача кўрилган. Видео блоклангунча эса 4 минг марта кўриб бўлинган эди.
  • 1 сутка давомида Facebook маъмурлари тармоқдаги ушбу видеонинг 1,5 миллионта нусхасини ўчириб чиқишган.
  • Бундан ташқари, масжиддаги оммавий қирғин WhatsApp ва Instagram, YouTube ва Twitter тармоқларида ҳам тарқалган.

15 март куни Янги Зеландиянинг Крайстчёрч шаҳридаги икки масжидда террор ҳужуми амалга оширилган ва унда жума намозидан чиқаётган мусулмонлар ўлдирилган.

Ҳужум оқибатида 49 киши ҳалок бўлган, шундан 41 таси ан-Нур, 7 таси Линвуд масжидида, биттаси шифохонада ўлган.

Австралиянинг 28 ёшли фуқароси Брентон Таррант ҳужумни уюштирганликда айбланмоқда. Судьянинг айтишича, у бошқа жиноятларда ҳам айбланиши мумкин. Ҳужумда гумонланаётган яна уч шахс қўлга олинган.