Facebook 200 миллиондан 600 миллионгача бўлган фойдаланувчиларнинг пароли шифрланмасдан оддий матн кўринишида сақлаб келинганини тан олди.

Лекин ижтимоий тармоқ гигантининг айтишича, ҳимоясиз пароллар "Facebook"нинг ўз серверларида сақланган ва уларга компаниянинг 20 минг ходими кира олиши мумкин бўлган.

Кибержиноятлар бўйича таҳлилчи ва журналист Брайан Кребснинг айтишича, компания паролларни шифрламасдан 2012 йилдан буён сақлаган ва исталган ходим бу паролларни осон излаб топа олган. Facebook ҳозиргача бирорта ходими бу ҳуқуқни суиистеъмол қилмаганини таъкидлаган.

Ҳимояси заиф пароллар асосан Facebook Lite иловасидан фойдаланувчиларники бўлган.

Компания ушбу камчиликни яқин кунларда тузатишга ваъда берган. “Биз юз миллионлаб Facebook Lite ва ўн миллионларча Facebook фойдаланувчилари ва ўн минглаб Instagram фойдаланувчиларига мавжуд ҳолат юзасидан маълумот берамиз”, – деган компания вакили.

Кибер хавфсизлик мутахассислари аккаунтлар хавфсизлигини паролларга ишониш даври ўтганини айтмоқда.

“Ўн йилларча тўпланган тажриба шуни кўрсатадики, пароллар ҳимоянинг энг архаик воситасидир. Улар фойдаланувчининг ихтиёрида эмас ва бугунги кун кибертаҳдидлари манзарасида етарлича ишончли эмас”, – дейди "SecureAuth"дан Стефен Кокс.