Президент Шавкат Мирзиёев 1-чорак якунлари бўйича ўтказилган видеоселекторда экспорт соҳасидаги аҳволни кескин танқид қилди ва бу соҳада “ягона дарча” тизимини тўлиқ жорий этишни топширди.

Бу нега муҳим: экспорт соҳасида “ягона дарча” тизими тўлиқ жорий этилмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга рухсат олиш учун камида 10 та идорага бориши лозим.

Ўзбекистонда экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш 96 соат вақт олса, хорижда бунга 12 соат кетади. Транспорт-логистика харажатларининг юқорилиги ҳам экспорт салоҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Эспорт соҳасидаги муаммолар қандай ҳал этилмоқчи:

  • Вазирлар Маҳкамасига экспорт-импорт операцияларига рухсат берувчи идораларни жалб қилган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи “ягона дарча” тизимини тўлиқ жорий этиш топширилди.
  • Экспортбоп маҳсулотлар бўйича қандай устун жиҳатлар мавжудлиги, қайси ҳудудда қандай маҳсулот етиштириш ва қаерга экспорт қилиш мақсадга мувофиқлиги бўйича қисқа муддатда амалий таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
  • Давлат божхона қўмитасига пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
  • Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Қибрай, Паркент, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятининг самараси қайта кўриб чиқилади.
  • “Ўздавкарантин” инспекциясига гилос, ўрик, олча каби бозори чаққон меваларнинг хорижий бозорларга фаол кириб боришини таъминлаш мақсадида чет эл карантин хизматлари билан музокаралар ўтказиб, экспортчилар учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўриш топширилди.
  • Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темирйўл транспортининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, “ягона дарча” тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш вазифаси қўйилди.
  • Юк транспорти паркини кескин ошириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган автомобилларни сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритиш топширилди.
  • Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари экспортдан тушумлар барқарор ва ўз вақтида келиб тушиши учун шахсан жавобгар экани белгилаб қўйилди.