Европа иттифоқи Марказий Осиё бўйича ташқи сиёсатининг янги стратегиясини қабул қилди. Янги стратегиянинг тақдимоти Бишкекда бўлиб ўтади.

Брюсселда ЕИ кенгаши томонидан 17 июнда қабул қилинган стратегия Марказий Осиёдаги бешта собиқ совет республикаси – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан сиёсий, иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделларини назарда тутади. Янги стратегия Марказий Осиё жамиятларининг бардошлилиги (resilience), фаровонлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.

ЕИ стратегиясини янгилаш нега керак бўлиб қолди: Қўшниларининг қўшниси бўлмиш Марказий Осиё ЕИ учун Шарқий Европа ёки Яқин Шарқдек муҳим бўлмаса ҳам, Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик ҳамкорлик ва иқтисодий ёрдам ЕИ ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. ЕИнинг Марказий Осиё бўйича амалдаги стратегияси 2007 йилда қабул қилинган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлаш, энергетика ва транспорт, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу стратегиянинг устувор йўналишлари этиб белгиланган эди.

Лекин минтақа ва дунёда содир бўлаётган бир неча муҳим ўзгаришлар бу стратегияни янгилашни тақозо этмоқда. Хусусан, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташқи сиёсий ташаббуси қуруқликда Европа ва Осиё ўртасидаги савдо йўналишларини тиклашни назарда тутади. Авваллари ёпиқ Ўзбекистоннинг очилиши минтақавий тангликни енгиллаштирди ва Тожикистон-Ўзбекистон, Қирғизистон-Ўзбекистон каби собиқ «душман дўстлар» ўртасидаги қўшничилик муносабатларини анча яхшилади, бу ўз навбатида минтақавий ҳамкорликка янги нафас берди. Марказий Осиё давлатлари шунингдек Афғонистон тақдири билан кўпроқ шуғуллана бошлади. Марказий осиёликлар турли хил террористик гуруҳларда тобора муҳим рол ўйнамоқда. ЕИнинг стратегияси мана шу жараёнларни назарда тутган ҳолда янгиланган.

Янги стратегия асосан нималарга урғу беради: эски стратегиянинг устувор йўналишлари янги стратегияда деярли ўзгармай, шундайлигича қолган бўлса ҳам, урғу энди юқорида келтирилган жараёнлар билан ҳамоҳанг ўзгаради. Хусусан, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусига жавоб бериш зарурати ЕИ ўзининг «туташлик» (connectivity) ташаббусини тақдим этишини тақозо қилмоқда. 2007 йилдаги стратегияда энергетика ва транспортга урғу берилган бўлса ҳам, Хитойнинг Марказий Осиёдаги бу соҳаларга инвестицияси ЕИ ҳаракатларини доғда қолдирган. Асосий инвестицияни инфратузилмага тикадиган хитойликлардан фарқли ўлароқ европаликлар кенгроқ, инсонлараро алоқалар ҳамда тартибга солувчи қоидаларни бекор қилишга қаратилган ёндашувни тарғиб қилмоқчи.

Афғонистоннинг тақдирини ҳал этишда, у ерда тинчлик ўрнатишда Марказий Осиё давлатлари билан ЕИ ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор берилади. ЕИ «Марказий Осиёда яхши қўшничиликни барқарорлаштириш йўлида» Афғонистоннинг минтақа ишларига фаол иштирокини таъминлаш сари интилади.

Марказиё Осиё давлатларининг ўзаро, минтақавий ҳамкорлиги ҳам тарғиб этилади, бунда ЕИ ўзининг тажрибаси билан бўлишади.

ЕИ Марказий Осиё мамлакатлари билан фозил бошқарув (good governance), ҳуқуқий давлатчилик ва инсон ҳуқуқлари масаласида мазмунли мулоқотни давом эттириш зарурати мавжудлигини таъкидлаган.

Брюссел Марказий Осиёда энергетика, савдо-сотиқ, транспорт, ёшлар билан ишлаш, таълим каби соҳаларни ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашишда давом этади ва Европа институтлари билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди.

Европа иттифоқи қизиқиш билдирган давлатлар билан янгича шериклик ва ҳамкорлик битимини тузмоқчи. Бу битим Қозоғистон билан аллақачон тузилган ва қўлланмоқда.

ЕИ билан Ўзбекистон ўртасидаги Комплекс шериклик ва ҳамкорлик шартномаси 1999 йили имзоланган ва ҳозирги пайтда Тошкент ва Брюссел ушбу битимни янгилаш мақсадида музокара олиб бормоқда.

ЕИ кенгашининг алоҳида урғу бериб таъкидлашича, ЕИнинг муайян давлат билан ҳамкорлик даражаси ушбу давлатнинг инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигига, суд мустақиллигига олиб келадиган сиёсий ва демократик ислоҳотларни амалга ошириши ҳамда бозор иқтисодиёти принциплари асосида иқтисодиётини ислоҳ қилишига боғлиқдир.