Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сайловолди кампанияси чоғида Янги Зеландиядаги мусулмонлар қатлиоми тасвирланган видеодан фойдаланмоқда. Бу ҳам Ғарб давлатлари, ҳам Туркиядаги мухолифатнинг танқидига учради.

Эрдўғонга бу нега керак?

Эрдўғон март охирида ўтказилиши режаланган маҳаллий сайловда консерватив қатлам қўлловини олиш мақсадида видеони атай намойиш қилаётгани айтилмоқда.

Видео орқали Эрдўғон Ғарбда кучайиб бораётган исломофобияни қоралаш билан бирга, мухолифатдаги рақибларининг заифлигини ҳам урғуламоқчи.

Эрдўғон Янги Зеландияда мусулмонларни отган шахс Брентон Таррант ўз манифестида Туркияни тилга олганини алоҳида эслаган. Унинг айтишича, Таррант Туркияда икки марта бўлган ва турк мусулмонларини Туркиянинг Европа қисмидан ҳайдаб чиқаришни истаган.

“У нима демоқчи? У айтмоқчики, биз Босфорнинг ғарбий томонига, яъни Европага ўтмаслигимиз керак. Акс ҳолда, у Истамбулга келади, бизни ўлдиради, бизни ўз еримиздан қувиб чиқаради”, – деган Туркия президенти.

Туркиядаги асосий мухолиф партия – Жумҳурият халқ партияси сўзчиси Фаиқ Ўзтрак Эрдўғонни фожиадан ўз сиёсий сармоясини кўпайтиришга уринишда айблади.

“Қонли қирғинни намойиш қилиб, бир неча кўпроқ овоз олишга уриниш қанчалик тўғри?”, – деб сўраган у.

Янги Зеландия ташқи ишлар вазири Винстон Питерс турк мулозимларига видеодан бу шаклда фойдаланиш "ноҳақлик" эканини ва ЯЗ фуқароларини хавф остига қўяётганини айтган.

ЯЗнинг ўзида бу видеони тарқатиш жиноий жазога сабаб бўлиши мумкин. Facebook, Youtube каби ижтимоий медиа гигантлари ҳам иложи борича бу видео тарқалишининг олдини олмоқда. Хусусан, Facebook терактдан кейинги бир кунда ушбу видеонинг 1,5 миллион нусхасини олиб ташлаган.