Ўзбекистонда энергия ресурсларига нархларни ошириш режалаштирилган. 5 июлда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

"Тарифларини оптималлаштиришни" расмий тилдан ўзбек тилига таржима қилсак, давлатга тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежайдиган технологияларни қўллаш учун пул керак. Электр ресурсларига нархларни оширмасдан тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.

"Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежайдиган технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш имконсиз", – деб таъкидланади хабарда.

  • Тарифларни инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар аллақачон ишлаб чиқилган.
  • Нарх ўсиши халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган.
  • Нархдаги ўзгаришларни қачондан кутиш кераклиги аниқ айтилмаган.

Тарғиботчиларга "тарифларни тартибга солиш бўйича таклиф этилаётган ислоҳотларни аҳолига тўлиқ етказиш" вазифаси юкланди.

Солиқ ислоҳотларини тарғиб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари, иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддилари жойларга бориб, ҳар бир маҳаллада аҳолига тарифлар ўзгаришининг мазмун-моҳиятини тушунтириши бўйича вазифалар белгиланди.

Аввалроқ ҳукумат 2019 йил 1 июнга режалаштирилган табий газ ва электр энергияси нархларидаги навбатдаги ўсишни бекор қилган эди.

  • Яқинда Сенатнинг ялпи мажлисида президент электр энергияси нархларини ошириш ва уларни бозор даражасига етказиш энергетика соҳасига сармояларни жалб қилишнинг ягона чораси эканини айтган.