• Ўтказилган илмий тадқиқот аутизм ва MMR (measles, mumps, rubella) вакцина аутизмга сабаб бўлиши ҳақидаги гап-сўзларга нуқта қўйди – аутизмга вакцина сабабчи эмас.
  • Шу йилнинг ўзида АҚШда 206 киши қизамиқ билан оғриган, дунё бўйлаб бу касалликка чалиниш ҳолатлари 30 фоиз ортган.

АҚШда қизамиқ 2000 йилда бутунлай тугатилган. Аммо у яна қайтаяпти. Бу йилнинг ўзида 206 ҳолат қайд этилган. Бунинг сабаби ота-оналарнинг болаларини ушбу касалликка қарши эмлатишдан бош тортаётганидир. Ваҳоланки унга қарши вакцина болани 97 фоиз ҳимоялаши аниқланган.

Ота-оналарнинг болани эмлатишдан бош тортишига эса эмлашга қарши ҳаракат тарғиб қилингани сабаб бўлмоқда. Ушбу тарғибот Буюк Британияда бор-йўғи бир доктор – Эндрю Уэйкфилд 1998 йили ўтказган тадқиқотга асосланади. У қизамиққа қарши эмлаш аутизмга сабаб бўлиши ҳақида хато хулоса берган. 2010 йилга қадар ўтказилган талай тадқиқотлар бу хато хулосани тасдиқламаган. Аммо, шунга қарамай, одамлар унга ишониб қолган ва боласининг соғлиғини хавфга қўйишни истамайди.

Даниядаги “Statens Serum Institut” олимлари ўтказган тадқиқот хулосаси “Annals of Internal Medicine” журналида эълон қилинган бўлиб, у 10 йил мобайнида ярим миллион инсонни кузатишга асосланади (Уейкфилд 12 болани ўрганиб хулоса берган). "Эҳтимол ана шу тадқиқот Уэйкфилднинг сохта даъволарига чек қўяр", – дея умид қилмоқда олимлар.

Ушбу тадқиқотда вакцина ва аутизм ўртасида бирор сабабий боғлиқлик аниқланмаган. Аксинча, эмлашга қарши ҳаракат кучайган, ота-оналар болаларини эмлатмай қўйиши кўпайган вақтда аутизм хавфи саккиз ёшли болалар орасида 1/68 дан (2016) 1/59 га (2018) ортган.

Олимлар 1999 йилдан 2010 йилгача туғилган болаларнинг тиббий тарихини ўрганишган. Уларнинг опа-сингил, ака-укаларида аутизм бор-йўқлиги ҳам эътибордан четда қолмаган. Шунингдек, эмлангани ва аутизмга чалинган-чалинмагани текширилган.

Тадқиқот хулосаси аввалги илмий тадқиқотларни тасдиқлаган. Аммо бу тадқиқотга катта пул кетган. Олимлар шунча маблағ бор-йўғи эмлашга қарши бўлганларни ишонтириш учун сарфлангани, бошқа муҳим муаммолар ҳам борлигини айтишмоқда.

Кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилаётган нарса шуки, одамлар фактларга эмас, хавотир ва ҳиссиётларига кўпроқ қулоқ тутади. “Вакцинанинг зарарсизлигини асослаш керак. Биз фактларни ҳазм қилолмайдиган замонда яшаяпмиз”, – дейди саломатлик масалалари бўйича халқаро эксперт Саъд Умар. Ёлғон даъволарни тарқатиш, одамларни ишонтириш осон ва камхарж, аммо бу даъволарни кишилар онгидан чиқариб ташлаш учун оғир меҳнат, каттагина маблағ сарф бўлади.

"Вакцина ва аутизм ўртасида сабабий боғлиқлик йўқлиги фанга маълум бўлса-да, оддий одамлардаги хавотирни аритиш учун мана шунча куч сарфланади", – дейишмоқда тадқиқотчилар.