«Рус ҳукумати дастаклайдиган "YouTube"даги 14 та канал дезинформация тарқатиб, миллиардлаб томошабинларни ўзига жалб қилмоқда, рекламадан миллионлаб доллар ишламоқда», – дейди тадқиқотчилар. «YouTube»нинг талабига зид равишда бу каналларга давлат ҳомийлик қилиши кўрсатилмаган.

Вашингтонда жойлашган Omelas маркази ўтказган ўрганишларга кўра, бу каналлар орасида Россиянинг NTV, «Россия 24» телеканаллари ҳам бор. Уларда инсон аъзолари билан савдо қилувчи АҚШ сиёсатчисидан тортиб, Скандинавия давлатларининг иқтисодий таназзули ҳақидаги уйдирмаларгача берилади. Дезинформация берилишига қарамасдан бу каналларнинг аудиторияси кенг, уларда Европа ва АҚШ компаниялари реклама беради.

«Кремл "YouTube"га ўрнашиб олган. Унга қарашли каналлар ҳозиргача 30 миллиард марта кўрилган», – дейилади марказ ҳисоботида.

Масалан, «NTV»нинг YouTube канали 5,08 миллиард марта кўрилган ва рекламадан 10 миллион доллар даромад олган. «Россия 24» канали қарийб 3 миллиард (6 млн. доллар даромад), RT канали 2,7 миллиард (5 млн. доллар даромад) марта кўрилган.

«YouTube»га эгалик қилувчи Google ўтган йил февралида ҳукуматлар дастаклайдиган ахборот каналлари ҳақида фойдаланувчиларни огоҳ қилиш тизимини йўлга қўйган.