Кеча Тошкент, Нукус, Наманган ва Хивада 2019/2020-ўқув йилида фаолиятини бошлайдиган Президент мактабларига илк саралаш имтиҳонлари бўлиб ўтди.

Имтиҳонга кузатувчи сифатида жалб этилган журналистлар ва кўнгилли ота-оналар жараён шаффоф ва адолатли ўтганини, ҳеч қандай таниш-билишчилик ёки қайсидир болага ёрдам бериш ҳолатлари бўлмагани, барчага бирдай шароит яратилганини таъкидлашди.

Уларнинг эътирофича, имтиҳонларнинг бу тарзда ташкиллаштирилганини кўрган одам Президент мактабларига энг билимли ўқувчилар саралаб олинишига амин бўлади.

Илк саралаш имтиҳонларидан сўнг ижтимоий тармоқларда ўқувчилар жавоб варақаларига жавоб вариантларини қалам билан белгилашгани, бу иш натижаларни сохталаштириш, жавобларни исталган вақтда ӯзгартириш учун қилинаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Minbar вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Президент мактабларига қабулни шаффоф ва адолатли ташкил этишга масъул ташкилот сифатида танланган Cambridge Assessment ташкилоти экспертлари билан боғланди:

“Мактаб ёшидаги болалар тестларни ечаётганда хато қилиши мумкин. Ёш болалар одатда битта жавобни белгилаб кейин унинг хато эканини билиб қолгач, жавобини ўзгартирмоқчи бўлади, аммо ручка ишлатилганда жавоблар варақасидаги жавобни тўғрилашнинг иложи йўқ. Тестларни текширадиган ускуна ручкада иккита жавоб белгиланган жавобни инобатга олмайди. Шу сабабли болаларга осон бўлиши учун ҳам жавобларни қаламда белгилашни таклиф қилганмиз. Бу бутун дунёда қўлланадиган тажриба”, – дейди Cambridge Assessment эксперти Грэм Бейжес.

“Жавоб варақалари имтиҳон тугаши билан конвертларга солиниб, холис кузатувчиларнинг кўз ўнгида муҳрланди, – дейди Cambridge Assessment эксперти Жэссика Коп. – Жавоб варақалари шу куннинг ўзида Буюк Британияга олиб кетилди. Жавоблар Cambridge Assessment томонидан текширилади ва бу жараёнга маҳаллий мутахассислар аралаштирилмайди. Шундай экан, жавоб варақаларини сохталаштириш, жавобларни ўзгартириб қўйиш ҳақидаги хавотирлар асоссиз”.

Эслатиб ўтамиз, Прeзидeнт мактабларига иқтидорли ўқувчиларни қабул қилиш жараёнини адолатли, ишончли ва шаффоф ўтказиш Кембриж университетининг мутахассисларига ишониб топширилган.

Имтиҳонларнинг тўғри ва холис ўтишини Cambridge Assesment ташкилоти назорат қилади. Ўзбек экзаменаторларидан фарқли ўлароқ, хорижий экзаменаторларни сотиб олиб ёки уларга таъсир кўрсатиб бўлмайди.

Халқ таълими вазири Ўзбекистон президенти имтиҳон жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишни энг асосий вазифа этиб топширганини маълум қилган эди.

1858 йилда ташкил этилган Cambridge Assessment Кeмбриж унивeрситeтининг нотижорат кафeдраси ҳисобланиб, 170 дан ортиқ мамлакатдаги 10000 та мактабда 8 миллиондан зиёд ўқувчининг билимини баҳолашда кўмак беради. Компаниянинг тажрибаси Oxford, Stanford, Harvard, Yale, Columbia каби сара унивeрситeтлар, Европа иттифоқи давлатлари, Канада, Австралия, Янги Зeландия ва бошқа кўплаб мамлакатлар университетлари томонидан тан олинган.