Абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари орқали 15 июндан 15 июлгача доимий рўйхатда турган жойидан қатъи назар қуйидаги ОТМга соддалаштирилган тартибда ҳужжат топширишлари мумкин:

  • Тошкент давлат юридик университети;
  • Қорақалпоқ давлат университети;
  • Гулистон давлат университети;
  • Фарғона давлат университети;
  • Самарқанд давлат университети.

Қолган бошқа олий ўқув юртларига ҳужжатлар қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

ДХМнинг айтишича, ўтган йили ҳужжатларни тажриба тариқасида қабул қилиш тартиби Тошкент давлат юридик университетида синовдан ўтказилган.

Бир қатор ҳужжатлар учун қўшимча харажатлар камайтирилгани – 086-тиббий маълумотнома, яшаш жойидан маълумотнома, фотосуратлар, шунингдек, пойтахтга келиб-кетиш ва бу ерда яшаш билан боғлиқ харажатлар қисқартирилгани эвазига 7 мингдан зиёд оиланинг 1,5 миллиард сўми ўзининг чўнтагида қолган ва вақти тежалган.

Бугун ДХМлар орқали ҳужжат топшириш учун фақатгина 2 та ҳужжат сўралади:

  • фуқаролик паспорти (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома);
  • умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан).

Имтиёзга эга абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.

Абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топширганда сўровнома тўлдиради.

  • Давлат хизматини кўрсатиш учун жорий йил битирувчиларидан ва ногирон ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан тўлов ундирилмайди.
  • Тест синовлари ўтказилаётган йилдан аввалги йилларда таълим муассасасини тугатган абитуриентлардан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи (101365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.