Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, дунёдаги энг қиммат иш ўринларидан бири Ўзбекистонда.

Бу Асака заводи.

Ўзбек автосаноати маёғига миллиардлаб доллар субсидия ва имтиёзлар ажратилган.

Шунга қарамай автомобил кўпчилик ўзбеклар учун ҳануз бир орзу бўлиб қолмоқда.

Ўтган йили Россияда ишлаётган ўзбек мигрантларидан бири "YouTube"да GM Uzbekistan заводи раҳбарига видеомурожаат эълон қилиб, ундан автомобиллар нархини туширишни сўраган.

"Ўн йилдан бери мана шу одамлар сизнинг машинангиздан оламан деб Россияда умри ўтиб юрибди", – деган қашқадарёлик мигрант ўзи билан бирга ишлаётган ватандошларини кўрсатиб.

"Биз бечораларам бир мошин минайлик, сизнинг машинангизни", – деган муҳожир.

Йилига мингта иш ўрни

Юлий Юсупов
Фото: Gazeta.uz

Асакадаги автомобил заводида ўтган 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида 20 минг ишчи ўрни яратилган, холос.

Бу мамлакатдаги жами иш ўринларининг 0,15 фоизи дегани.

Ўтган ҳафта Андижонга сафар қилган президент Мирзиёевга кўра, Андижон аҳолисининг 30 фоизи ишсиз, 417 минг иш ўрни керак.

Бу 20 та Асака заводи дегани.

Президент Асака заводи етарли ишчи ўрни яратмаганини айтиб, "Бунақа заводдан бешта қуриб, рақобатбардош қилиш керак" деган.

"Бунақа заводдан бешта қуриб, рақобатбардош қилиш керак. Одамлар ўзи учун арзонини танлаб олиши керак. Биз битта заводга ҳамма шароитларни яратиб бердик, бошқа давлатлар ишчиларини боқиб юрдик.

Битта машина заводи 3 миллион аҳолини боқадими? Ҳеч қачон боқа олмайди. Шунинг учун Hyundai заводларини очаяпмиз водийнинг бошқа вилоятларида. Жиззахда завод очаяпмиз.

Чунки машина рақобатбардош бўлиши керак. Бозор иқтисодиёти шундай. Бу заводга эса шунча йил давомида барча шароитларни бериб қўйдик, мазза қилиб юришди, ақлини ишлатмай юришди. Қандай қилиб 20 йилдан бери машина учун барча хомашё ва эҳтиёт қисмларни Кореядан олиб келиб юриш мумкин? Биз ўзимиз эплай олмаймизми?

Бугун вазифа қўйдим, завод 10 минг ишчи ўрни яратиши лозим. Йўқса бунақа завод керакмас. Ҳолбуки, вилоятда 417 минг ишчи ўрни яратилиши керак", – дея президентдан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

Янги завод керакми?

Фото: Xabar.uz

Аммо иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, янги заводларни қуриш катта хато бўлади.

Унинг "Фэйсбук"да ёзишича, Ўзбекистонга янги автомобил заводлари керак эмас.

"Автомобил бозорида монополияни йўқ қилиш учун бож тўловларини камайтиришнинг ўзи кифоя", – дейди иқтисодчи.

Шунда истеъмолчиларда танлов, автосаноатда рақиб, бюджетда эса ниҳоят даромад пайдо бўлади.

Юлий Юсуповга кўра, бундан фақат қиммат эҳтиёт қисмлар ва шапкалардан бойиган коррупционер ва рақобатбардош ишлаб чиқаришни йўлга қўёлмаган бесамар менежерлар ютқазади, холос.

Айни пайтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири мамлакатдаги ишсизликка доир янги рақамни эълон қилган.

Унга кўра, ишга муҳтож аҳоли сони – 1 миллион 391 минг киши.

Хорижда 2 миллион 365 минг ўзбекистонлик ишламоқда.

Мустақил таҳлилчилар ишсизлар сони камайтириб кўрсатилишини айтадилар.

Жумладан, Юлий Юсуповнинг айтишича, кўпчилик ўзбеклар хорижда ишлаётган яқинларига муаммо чиқишини истамаганлари учун кўпинча уларнинг четда ишлаётганини яширишади.

Ўтган йилларда ҳукумат ишсизлар сони ва ҳақиқий ижтимоий вазиятни хаспўшлаш учун аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказамай келгани айтилади.

Шу йил бошида Мирзиёев 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ҳақидаги фармонни имзолаган.