Шу йилнинг 25 мартидан чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш (CEFR) учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошланади. Талабгорлар nsfla.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари мумкин. CEFR имтиҳонлари апрель-май ойларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

  • Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси айни пайтда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилмоқда.
  • Қарор лойиҳасида чет тили фани биринчи (асосий) фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларида кириш имтиҳонларидан имтиёз белгиланиши учун В2 даража талаб этилиши таклиф қилинган.
  • Тест синовларини одилона ва шаффоф ўтказиш мақсадида барча талабгорлар ҳужжатларини шахсан топшириши ҳамда бармоқ изларини сканердан ўтказиши талаб этилади.
  • Ҳужжатлар Тошкент шаҳри ва вилоятида бевосита Давлат тест марказида ҳамда Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларда қабул қилинади. Ҳудудий бўлинмалар тўғрисидаги маълумотлар талабгорнинг шахсий кабинетида маълум қилинган.

Ўзбекистонда илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартиби жорий қилинади.

Инглиз тилини CEFR мезонига кўра билиш А, А1, А2, В, В1, В2, C, C1, C2 даражаларига бўлинади. Инглиз тилини В2 даражасида биладиган шахс инглизча матнларнинг умумий мазмунини тушунади, шу жумладан, мутахассисликка оид мавзуларда матнларни чет тили она тили бўлган шахс билан мулоқотда иккала томон учун ҳам қийинчилик туғдирмайдиган даражада тез гаплаша олади, турли мавзуларда аниқ, атрофлича маъруза қила олади, асосий муаммога бўлган ўз фикрини баён эта олади, турли фикрларнинг афзалликлари ва камчиликларини кўрсата олади.