Халқ таълим вазирлиги номзодларни умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига тайинлашнинг янги тизимини жорий қилмоқда. Янги тизимга кўра мактаб директорлари ота-оналар кенгашлари томонидан сайланади.

Кенгашлар фаол ота-оналар ва мактабнинг муваффақиятли битирувчиларидан шакллантирилади. Кузатув кенгашлари Халқ таълими вазирлиги тавсиясига кўра директорларни танлаш, мактабнинг бюджет ва нобюджет маблағлари, жумладан директор жамғармасини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу қандай амалга оширилади? Туман ёки шаҳар халқ таълими бўлими ёки ҳудудий бошқарма томонидан вакант бўлган директор лавозими бўйича зарурат бўлганда вазирликнинг ish.uzedu.uz сайтига эълон берилади. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими эълон бўйича мурожаат этган номзодлар орасидан ҳудудий бошқарма орқали мактаб директори лавозими учун таълим муассасасидаги кузатув кенгашига камида уч нафар номзод тавсия этади. Эълон бўйича мурожаатларни қабул қилиш муддатидан сўнг 3 кун ичида номзодлар кузатув кенгаши аъзолари томонидан ўрганилиб, энг муносиби очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайланади.

Бу нима учун муҳим: Халқ таълими вазирлиги таълим тизимига ота-оналарни жалб этиш орқали ўқитиш сифатини ошириш, очиқ ва шаффоф тизимга ўтиш, жамоатчилик назоратини ўрнатишни мақсад қилган. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олишидан энг манфаатдор қатлам айнан ота-оналар ва шу сабаб улар бевосита тизим бошқарувига жалб этилмоқда. Бу орқали ота-оналар зиммасига ҳам масъулият юкланади.