Дипломсиз ҳам улкан ютуқларни қўлга киритган истеъдодли кишилар (Билл Гейтс, Стив Жобс ва б.) муваффақиятга эришиш учун албатта олий маълумотли бўлиш керак деган гапларнинг тўғри эмаслигини аллақачон исботлашган. ОТМдаги ўқишини ташлаб кетган оддий одамларнинг тақдири қандай кечган?

1. Мен 26 ёшдаман, Санкт-Петербургда 27 та гул дўконим бор. Бу муваффақиятга эришишимга 18 ёшимда эшитган мана бу гап ёрдам берган: "Сен ёмон йигит эмассану, пулинг йўқ-да". Бу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Чўнтагимда озгина пулим бор эди ўшанда, бир синфдошим билан эски машинада мижозларга гул етказиб бера бошладик. Орадан уч йил ўтгач, ўша – камбағаллигимни юзимга солган қиз йўлимда пайдо бўлди, лекин маълум бўлишича, у эътиборимга арзимас экан. Институтни 2-курсда ташлаб кетдим: бир кунда ҳам имтиҳон топшириб, ҳам ходимларимга маош тўлашим керак эди. Иккинчисини танладим.

2. Худойим-эй, иккита олий маълумот олгач, эндигина англаб етдим, бундан буён ўқишга бориш учун эрталаб соат 7 да турмасам ҳам бўлади! Ишга бориш учун энди соат 6 да туришим керак.

  • 3. Иккинчи курсдалигимда сессияда бир муаллим аёл менга қониқарсиз баҳо қўйди, имтиҳонни қайта топшириш мумкин эмас эди (“Ҳайдалиш” куйини чалингиз...). Бир йилни бекор ўтказмаслик учун фрилансерлик қила бошладим, мижозлар ҳам тез топилди. Ўқишни тиклаш вақти келганда мен ойига 300-500 долларлик доимий даромадга эга эдим. Ўқишга қайтгач, институт менинг ўсишимни чеклашини тушундим. Таҳсилни сиртқига кўчириб, 4-курсгача ўқидим, дипломимни ҳалигача олганим йўқ. Истиқболли студияда профессионаллар ёнида ишлай бошлагач, ишим юришиб кетди: студия, стартап, энди катта бир корпорация эгасиман... Ҳозир ўша муаллим аёлнинг исмини эслолмайман, лекин унга чин дилдан раҳмат айтмоқчиман!

4. Мен юридик академияда ўқирдим. Ўқиш даврида банкда ишлай бошладим. Бир ярим йилда кичик ходимликдан бутун бошли йўналиш кураторлигигача кўтарилдим. Тўлиқсиз олий маълумотли бўла туриб шунга эришдим. Тезда бу иш менга қизиқ бўлмай қолди. Банкни ташлаб интернет-маркетинг соҳасига ўтдим. Таҳсилни тугатмоқчи эдим, лекин шарт эмаслигини тушундим ва ўқишни қўйиб, янги мутахассисликни миридан-сиригача ўрганишда давом этдим. Кейинги барча иш жойларимда мендан фақат бир марта олий маълумот ҳақидаги дипломимни кўрсатишимни сўрашди. Лекин мен уни йўқотиб қўйганман деб ҳазиллашдим ва шу билан бу мавзу ёпилди. Улар учун менинг тажрибам ва билимим муҳимроқ эди, уларни кўрсатгач, диплом масаласи ўз-ўзидан барҳам топди.

5. Университетни битирган студентлар ва мутахассислик бўйича иш – бамисли ди Каприо ва “Оскар”. Ишга жойлашиш учун олий маълумотли бўлиш кифоядек туюлади, лекин барибир етарли бўлмайди. Биринчи уринишдаёқ ишга кириш жуда қийин.

6. Беш йил ичида учта фирмада ишладим, раҳбарларимнинг ҳаммаси олий маълумотсиз эди. Олий маълумот олганим ҳақида бир эмас, иккита дипломим бўлишига қарамай бирон-бир кичикроқ раҳбарлик лавозимига ҳам номзодим қўйилмаган.

7. Агар ўз бизнесингиз бўлишини хоҳласангиз, сизда танлай олиш ва бунинг учун туриб бериш қобилияти бўлиши керак. Буни университетда ўргатишмайди. Юксак марраларга эришишни истасангиз, суткасига камида 12 соат ишлашингиз, доимо ўқиб-ўрганиб боришингиз ва арзимаган майда-чуйдалар билан шуғулланишни бас қилишингиз лозим. Университетни ташлаган талабадан реклама компанияси эгасига айлангунимча ўтган олти йил ичида ўзим эмас, биров учун ишладим, саноқсиз китобларни ўқидим, катта қарзга ботиб таваккал қилдим, сочимга оқ тушди. Лекин ҳануз эртанги кунимдан кўнглим тўқ эмас.

8. Синглим бугун олий маълумот олгани ҳақидаги дипломини олиб келди. “Яхшилаб сақлаб қўй, йўқотиб қўйма, кун келиб болаларингга кўрсатасан”, – деди онам нима дейишини билмай.

9. Бир дугонам ўтган ёзда ишлагани Туркияга борибди. Борса, унга ваъда қилинган иш ўрнига қулупнай теришини айтишибди. У иккита олий маълумотим бўла туриб шу ишни қиламанми деб норози бўлса, иш берувчи “Нима, қулупнай тераётганингизда биз сизга қарсак чалиб туришимизни хоҳлайсизми?” дермиш...

  • 10. Ўғлимнинг “Ўқиш нега керак, мана Билл Гейтс олий маълумот олмаган бўлса ҳам миллиардер-ку” ёки “Стив Жобс ҳам университетда ўқимаган” деган гаплари жонимга тегиб кетгач, уни Wi-Fi ўчирилган, қисмларга ажратиб ташланган компьютер турган хонага олиб келдим ва дедим: “Компьютерни гуглсиз тера олсанг ва у ишласа университетдан ҳужжатларингни бемалол қайтариб олишинг мумкин”. Икки соатдан кейин у олдимга келиб, ”Ота, “Wi-Fi”ни ёқинг, курс иши ёзишим керак” деб илтимос қилди.