Ўзбекистонда олий ўқув муассасалари битирувчиларининг 70-90 фоизи ўз ўрнини топа олмаяпти. Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов 14 мартда маълум қилган.

“70-90 фоиз ёшларимиз ўз соҳасини профессионал эгалламагани туфайли бозорда ўрнини топа олмаяпти. Бунинг ечими таълимнинг сифати, илмий салоҳиятини ривожлантиришдир”, – деган президент маслаҳатчиси.

Абдужаббор Абдувоҳидов Президент Администрациясида Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалаларига кураторлик қилади.

“Шуни тан олиш лозимки, биз олий таълимда, илмий салоҳиятда дунёдан орқада қолдик. Бу муаммонинг энг тўғри ечими инновацияни ривожлантириш”, – деган Давлат бошқаруви академиясида ўтаётган “Ўзбекистон – 2030: олий таълим муассасалари келажагига назар” конференциясини очиб берган президент маслаҳатчиси.

Бу нега муҳим: ўзбек олий таълим тизими таназзулга учрагани авваллари ҳам сир эмас эди. Лекин Ўзбекистон олий таълимда, илмий салоҳиятда дунёдан орқада қолганини расман тан олиб, бу муаммога ечимни излаш яқиндан бошланди.

Ҳозир меҳнат бозорида парадоксал вазият вужудга келган: улкан ишсизлик даражаси билан бирга юқори даражадаги кадрлар танқислиги кузатилмоқда.

Масалан, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг ҳисоб-китобига кўра, вазирлик ва давлат идораларининг ўзида замонавий илмий ва амалий тажрибага эга 5 мингдан ортиқ малакали кадрга эҳтиёж бор. Агар ишлаб чиқаришдаги талаб ҳам инобатга олинса бу рақам камида 50-100 баравар ошади.