Ўзбекистон халқ артиси Шерали Жўраев Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда рус тилига расмий мақом бериш ҳақида бир гуруҳ ижодий интеллигенция вакилларининг мурожаати боис кўтарилган баҳсга муносабат билдирди.

Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом бериш таклифи атрофидаги баҳсларнинг "оҳанги хавотирга солаяпти" деди халқ ҳофизи.

"Кимнингдир топшириғи билан бўлаётган гап бўлиши эҳтимоли бор. Қўрқинчли томони шу", – деди Шерали Жўраев.

"Бир гуруҳ зиёлилар"

30 апрель куни россияпараст vesti.uz сайтида эълон қилинган мурожаатда муаллифлар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш, бунинг учун мамлакат қонунчилигига ўзгартириш киритишни таклиф қилганлар.

Улар 1995 ва 2004 йилларда янги таҳрирда қабул қилинган "Давлат тили тўғрисида"ги қонунда рус тили "миллатлараро мулоқот тили" сифатида эслатилмаганидан таассуф билдиришган.

Муаллифлар охирги йилларда Ўзбекистонда рус тилининг фақат хорижий тиллардан биттаси сифатида ўқитилиши қанчалик тўғри эканини савол остига олишган.

Уларга кўра, рус тилига ўзбек ва қорақалпоқ тиллари билан бир қаторда расмий мақом беришни "ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда".

Муаллифлар Европанинг кўпгина давлатларида миллий озчилик тилларига расмий ва давлат мақомлари берилганини мисол қилиб келтиришган.

Ташаббускорларнинг фикрича, рус тили орқали ўзбек миллати нафақат "буюк рус маданияти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан танишган".

Мурожаат ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Уларга кўра, ҳозир миллионлаб ўзбеклар рус тилини билмагани учун Россияда қийналмоқда.

Аввалига уч киши имзолаган мурожаатга кейинроқ яна 15 кишининг исм-фамилияси ҳам илова қилинган.

Мурожаат ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди, қатор ўзбек блогерлари мурожаатга қарши постлар ёзишди.

Бу йил "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлади.

Ўтган йил декабрида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев қонун ижроси йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилганини танқид қилган.

Унинг айтишича, вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 2018 йилда қабул қилинган 34 та қўшма қарори давлат тилида эмас.

"Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган 154 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган", – деб айтган Сенат раиси.