«Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини депутатлар қабул қилмади.

Олий Мажлиснинг айни пайтда бўлиб ўтаётган ялпи мажлисида «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонуннинг асосий мақсади – иқтисодиётнинг янги тармоғи ҳисобланувчи ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиш. Ўзбекистонда бугунги кунга қадар атом энергияси масалаларини тартибга солувчи махсус қонун ишлаб чиқилмаган.

Қонуннинг асосий вазифаси атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, атроф-муҳитни радиация таъсиридан ҳимоя қилиш, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этишдан иборатдир.

Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасида кўплаб қарама-қаршиликлар ва аниқлик киритилиши лозим бўлган нормалар (шу жумладан, хорижий тажрибани ўрганиш) борлигига эътироз билдиришди.

Уларнинг ҳисоблашича, ҳужжатда соҳадаги жамоатчилик назоратининг аниқ механизмларига ойдинлик киритилиши керак.

Парламент аъзолари қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг масъул қўмитасига қайта ишлаш учун юборган.