Яқинда давлат билан хусусий бизнес ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат қабул қилинди. 10 май куни Шавкат Мирзиёев “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Мазкур қонунни қабул қилиш қарийб 2 йилга чўзилиб кетди.

Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга хусусий секторни жалб этиш бўйича фаол ҳаракат қилиб келмоқда. Ҳокимият ва бизнес ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг замонавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш давлат бошқарувида 2017 йилда бошланган ислоҳотларнинг бир қисмидир. Ушбу вақт давомида ҳукумат мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва коммунал хўжалик каби соҳаларда давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқди.

Ижтимоий муҳим лойиҳаларни бирга амалга оширишда ҳокимият ва бизнес шерикчилигининг асосий мазмуни нимадан иборат? Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун республика ҳукумати қандай ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурмоқда?

1Давлат-хусусий шериклик нимадан иборат?

Ҳокимият ва хусусий бизнес ҳамкорлигининг энг оддий кўринишдаги схемаси қуйидагича:

  • давлат ижтимоий инфратузилма объектини (масалан, клиника, йўл, боғча, мактаб ва ҳ.) қуриш ёки модернизация қилишни режалаштираётганини эълон қилади ва сармоядорларни тендерга таклиф этади.
  • Танловда ғолиб бўлган хусусий компания лойиҳани молиялаштиради (капитални жалб қилади), иншоотни қуради (ёки модернизация қилади) ва бутун ҳаётий цикл давомида ушбу объектни бошқаради.
  • Давлат ва хусусий компания ўртасида тузилган шартнома муддати якунида ундаги шартларга кўра объект ё давлатга топширилади, ё хусусий компания қўлида қолади. Давлат ўз навбатида хусусий шерикнинг барча харажатлари, кредит фоизлари ва даромадларини ўз ичига олган ойлик унитар тўловларни амалга оширади.

Давлат-хусусий шериклик энг аввало давлат ва бизнеснинг инфратузилмаларни ташкил этиш ҳамда ижтимоий жиҳатдан муҳим хизматларни кўрсатишда молиявий, технологик ва бошқарув ресурсларининг бирлашувидир. Бундай ҳамкорликда муносабатлар давлат ва хусусий компаниялар кооперацияси сингари барпо этилади. Айни дамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартномада иштирокчилар ўртасида хавфларнинг бўлиниши аниқ ва равшан қилиб кўрсатилиши шарт ва муҳимдир. Ушбу шаклдаги муносабатларга давлат органларининг ваколатлари аниқ баён этилган қонунчилик базаси керак.

2Давлат-хусусий шерикликнинг ривожланиши тарихидан

Тарихий маълумотларга кўра, давлат хусусий тадбиркорлар билан деярли барча даврларда ҳамкорлик қилган ёки кооперацияда бўлган. Ўрта асрларга келиб, ҳокимият ва хусусий шахслар ўртасидаги муносабатлар ҳуқуқий шаклга эга бўлди. Христофор Колумбнинг 1492 йилдан 1504 йилгача бўлган экспедициялари ана шундай шаклдаги ҳамкорликнинг ёрқин мисолидир. Қироллик Христофор Колумбга дон унвонини тақдим этади. У сафарни муваффақиятли якунласа, эгаллаган ерларини бошқариш ва у ерларнинг фойдали қазилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган. 1491 йилда тузилган шартномага кўра Колумб харажатларнинг саккиздан бир қисмини ўз бўйнига олган. Тузилган шартноманинг молиявий натижаси қуйидагича тақсимланган: олиб келинган товарлар ва табиий ресурсларнинг 90 фоизи ҳукуматга ўтган, 10 фоизи эса сарфланган харажатлардан ташқари Христофор Колумб ҳисобига ўтган.

Инсониятнинг янги тарихий даврида ҳокимият ва хусусий тадбиркорларнинг ҳамкорлиги тобора ошиб борди, шунга яраша қўшма инфратузилма лойиҳалари сони ҳам анча кўпайди. Сувайш ва Панама каналлари лойиҳаси улар орасидаги энг йириги ҳисобланади. 1855 йилда “Сувайш каналининг умумий компанияси” хусусий корхонаси Миср вице-қиролидан Қизил ва Ўрта денгизни бирлаштирувчи Сувайш каналини қуриш учун концессияни амалга ошириш ҳуқуқини олади. Компания акцияларининг 44 фоизи Миср ҳукуматига, 53 фоизи Францияга тегади, қолган 3 фоиз акцияларни бошқа мамлакатлар харид қилади. Концессия шартларига кўра лойиҳадан олинган даромад қуйидагича тақсимланиши кўзда тутилади: акциядорларга фойданинг 75 фоизи, Миср ҳукуматига 15 фоизи, компания асосчиларига эса қолган 10 фоизи. Қурилиш ишлари 11 йилдан сўнг якунланади ва канал кемалар қатнови учун 1869 йил ноябрда очилади. Ҳозирги кунда канал эксплуатациясидан олинган маблағлар Миср ғазнасига тушадиган валютанинг салмоқли улушини ташкил этади.

Париждаги машҳур Эйфел минорасининг қурилиши концессияга яна бир ёрқин мисол бўла олади. 1887 йилда Александр Гюстав Эйфел Париж шаҳри муниципалитети билан шартнома тузади. Унга кўра минора 25 йил фойдаланиш шарти билан ижара ҳуқуқи асосида унга тақдим этилади. Шунингдек, 1,5 млн олтин франк миқдорида субсидия тўлаш ҳам кўзда тутилади. Бу минорани қуриш харажатларининг 25 фоизига тенг эди. Минора эксплуатация вақтида экскурсиялар, лифтларга чиқиш учун сотилган чипталар, сувенир сотиш ҳуқуқини бериш, ресторанлар ижарасидан тушган пул ҳисобига ўз харажатларини оқлади.

3Бугунги кундаги давлат-хусусий шериклиги

Сўнгги 30 йилда 130 дан ортиқ мамлакатда давлат-хусусий шериклик механизми фаол жорий этилаётгани кузатилмоқда. Жаҳон банки маълумотига кўра, мазкур механизм ёрдамида инфратузилма лойиҳаларига хусусий инвестицияларнинг қарийб 15-20 фоизи жалб қилинаяпти.

Европада давлат-хусусий шериклигини жорий этиш бўйича Буюк Британия, Франция ва Германия асосий етакчилар ҳисобланади. Умуман олганда, Европа иттифоқи бўйича 2010 йилдан 2016 йилга қадар умумий қиймати 111 млрд. евро миқдорида 541 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилди. Бунда таълим (156 та лойиҳа) ва транспорт (111 та лойиҳа) секторлари давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидаги устувор тармоқлардан бўлган.

4Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича асосий ташаббуслар

Ўзбекистонда сўнгги 25 йилда амалга оширилган давлат-хусусий шериклигининг турли шакллари асосан иқтисодиётнинг айрим секторларигагина тегишли бўлди. Бундай лойиҳалар кўпроқ нефть-газ ва кон саноатида амалга оширилди. Бу мазкур секторларга йўналтирилган инвестициялар иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига нисбатан хавфсизроқ деб ҳисобланиши билан боғлиқдир. Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим минерал ресурслар билан боғлиқ секторларга хорижий инвестицияларни жалб қилишда давлат-хусусий шериклигининг энг кўп қўлланган шаклларидан биридир.

Давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликда ягона ҳуқуқий механизм мавжуд эмаслиги республикада давлат-хусусий шериклиги яхши ривожланмаганининг асосий сабабларидан биридир.

Ўзбекистонда хусусий секторни ижтимоий, транспорт ва коммуникация инфратузилмаси қурилиши ва модернизациясига жалб қилиш учун чора-тадбирлар ва механизмларни фаол жорий этиш 2017 йилда бошланди.

Давлат-хусусий шериклигининг замонавий механизмларини жорий этиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўналишларидан бири деб белгиланган эди.

5ДХШ тизимида хусусий ҳамкорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари

Мактабгача таълим:

  • ер участкаларини 30 йилдан кам бўлмаган муддатга беғараз асосда тақдим қилиш;
  • бўш турган давлат мулки объектларини “нол” харид қийматида хусусий ҳамкорларга сотиш;
  • 15 йилга йиллик 1 фоиз ставка билан имтиёзли кредит бериш, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан;
  • хусусий ҳамкорларни барча турдаги солиқ ва давлат жамғармаларига ажратмалар тўлашдан 10 йил муддатга озод қилиш;
  • ягона ижтимоий тўловни 10 йил муддатга 5 фоизгача пасайтириш;
  • болалар боғчаси эҳтиёжлари учун олиб келинадиган асбоб-ускуна ва инвентарларни божхона тўловларидан 2 йил муддатга озод қилиш.

Соғлиқни сақлаш:

  • инвестициялар умумий ҳажмининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 6 фоиз ставкаси билан 8 йилгача имтиёзли кредитлаш.

Сув таъминоти ва оқова сувларни бошқариш:

  • барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловларни (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) тўлашдан 3 йил муддатга озод қилиш;
  • импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар учун божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод қилиш.

6ДХШни ривожлантириш учун махсус агентлик

Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб тайинланди. Ушбу агентлик республикада давлат-хусусий шериклик бўйича сиёсатни белгилайди, лойиҳаларни кўриб чиқади, тармоқ вазирликлари билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги тендер ҳужжатлари ва шартномаларни мувофиқлаштиради, тендерларни ишлаб чиқиш, ўтказиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан ёрдам беради. Осиё тараққиёти банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Ислом тараққиёти банки ва Жаҳон банки лойиҳаларда маслаҳатчи (консультант) сифатида иштирок этмоқда.

7Қарийб ярим асрга тенг шериклик

“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда ҳамкорликнинг ушбу турига “давлат органлари ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги” деб тавсиф берилган. Давлат бошқаруви органлари, жумладан жойлардаги ижро органлари давлат номидан шерик, маҳаллий ва хорижий инвесторлар эса хусусий шерик сифатида қатнашади.

Давлат ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги, шерикликни амалга ошириш жараёнида қоидалар ва принциплар шаффофлиги, хусусий секторни танлаб олишда мусобақалашув ва холислик, камситиш ва коррупцияга йўл қўйилмаслиги давлат-хусусий шериклигининг асосий принципларидир. Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартнома 3 йилдан 49 йилгача бўлган муддатга тузилиши мумкин.

8Давлат-хусусий шерикчилик бўйича 2019 йилда ишлаб чиқиладиган лойиҳалар

Транспорт:

  • 4 та автовокзал қуриш;
  • Навоий вилоятида 27 км узунликдаги янги автомогистраль қуриш;
  • минтақавий аэропортлар модернизацияси;
  • Тошкент халқаро аэропортини модернизация қилиш;
  • Тошкент – Андижон пулли автойўлини қуриш;
  • Тошкент – Самарқанд пулли автойўлини компаниялар (Туркия) консорциуми билан қуриш.

Соғлиқни сақлаш:

  • 2700 бемор учун гемодиализ амбулатория марказлари тармоғини яратиш ва фойдаланишга топшириш.

Энергетика:

  • Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва фойдаланишга топшириш;
  • Самарқанд вилоятида қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ва фойдаланишга топшириш;
  • Тошкент вилоятида ИЭС қуриш/модернизация қилиш;
  • Тошкент вилоятида “Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.S” (Туркия) компанияси билан электр энергиясини ишлаб чиқарувчи буғ-газ мосламаларини қуриш;
  • Сурхондарё вилоятида “Yildirim Enerji Holding A.S” (Туркия) компанияси билан электр энергиясини ишлаб чиқарувчи буғ-газ мосламаларини қуриш.

Таълим:

  • Тошкент шаҳридаги 4 та умумтаълим мактабини ишончли бошқарувга ўтказиш.

Сув таъминоти ва канализация:

  • Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Наманган вилоятларининг 4 та йирик шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизимларини бошқарувга бериш;
  • Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимларини бошқарувга бериш;
  • Тошкент шаҳридаги газ таъминоти тизимларини бошқарувга бериш;
  • Тошкент шаҳридаги электр энергиясини тақсимлаш тармоғини бошқарувга бериш;
  • Тошкент шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш;
  • маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти).