Дарсликларнинг сифатини ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Дарсликлар илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Дарсликлар билан шуғулланадиган бутун бошли институтни тузиш мактаб дарсликлари соҳасида содир бўлаётган "кичик инқилоб"нинг мантиқий давомидир. Халқ таълими тизимида дарсликлар муаммоси энг оғриқли нуқталардан бири ҳисобланади. Мустақиллик даврида яратилган дарсликларда турли қўпол хатолар кўпайиб кетган. Аксарият дарсликлар маънан эскирган бўлиб, ўқувчиларда таҳлил қилиш, билимларни мустақил ўзлаштириш, амалиётда қўлланадиган ҳаётий малака ва кўникмаларни шакллантирмайди.

Бу муаммоларни ҳал этиш мақсадида ХТВ аввалроқ мактабларда муқобил дарсликлардан ҳам таълим беришга рухсат берган эди. Шунингдек, вазирлик Хон академияси электрон платформасини ўзбек тилига мослаштириш ва келгусида уни мактабларда оммалаштиришни режалаштираяпти.

Энди эса ХТВ мазкур тизимни тубдан такомиллаштиришни таклиф этмоқда.

ХТВга кўра Дарсликлар институти мактаб ва мактабдан ташқари таълим соҳасидаги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ўрганиш, яратиш ҳамда уларни таълим тизимида қўллаш бўйича хулоса берувчи ягона илмий-тадқиқот муассасаси бўлади.

Институт илмий асосланган янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради.

Шу билан бирга, институт болаларнинг турли ёш гуруҳи, психологик ўзига хослигини эътиборга олган ҳолда янги авлод дарсликлари, ўқув-методик мажмуалар, шунингдек, таълимий ахборот воситаларини такомиллаштиришда хорижий тажрибани ўрганади, ёш олимларнинг стажировкаларини ташкил этади.

Институтда ёш муаллифлар мактаби ҳам яратилади.