Ўзбекча IELTS бўлмиш CEFRда B2 даражасига эга абитуриентлар ОТМга кириш имтиҳонларидаги шу фан бўйича тестдан озод қилинади. Бу ҳақда Давлат тест маркази Чет тилларини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов "Minbar"га маълум қилди.

"Асосий имтиҳони инглиз тили бўлган абитуриентлар CEFR B2 сертификатига эга бўлишлари керак. Шундагина чет тили имтиҳонидан озод қилинади", – деди Сардор Ражабов.

2018 йил декабрда муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, инглиз тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат йўналишларига ҳужжат топширган CEFR B2га эга абитуриентларга шу фандан белгиланган максимал балл берилиб, тестдан озод этилади. Бунинг учун улар CEFR B2 ва ундан юқори кўрсаткичларга эга бўлишлари керак.

Инглиз тили биринчи фан бўлмаган фан сифатида киритилган бошқа бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентларга ҳам максимал балл берилиб, тест синовидан (касбий (ижодий) имтиҳондан) озод этилади. Бунинг учун улар CEFR B1 ва ундан юқори кўрсаткичларга эга бўлишлари керак.

Магистратура йўналишларида ҳам худди шундай тартиб жорий этилади.