Прeзидeнт мактабларига иқтидорли ўқувчиларни қабул қилиш жараёнини адолатли, ишончли ва шаффоф ўтказишни Кембриж университетининг мутахассислари таъминлайди.

28 фeвраль куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон кенгаши ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Cambridge Assessment:

  • Прeзидeнт мактабларида ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини очишга ёрдам бeрувчи ўқув дастурларини жорий этишда кўмаклашади;
  • мактаблар раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари малакаларини халқаро меъёрларга мувофиқ оширишда кўмак беради.

Янги очилаётган президент мактабларига танлов нуфузли хорижий ҳамкор назоратида ўтишини Шавкат Мирзиёев талаб қилган. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, президент томонидан қўйилган энг асосий ва энг қийин вазифа айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилиш бўлган.

“Албатта, замонавий бино ва ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ўқув жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳам жуда муҳим вазифадир. Лекин танлов тўғри ташкил этилмас экан, катта маблағ сарф қилинадиган бундай ишларнинг ҳам самараси юқори бўлмаслиги аниқ”, – деб ёзган эди Шерзод Шерматов.

Ўқувчилар президент мактабларига, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фақатгина иқтидори асосида, таниш-билишсиз танлаб олинишига ижтимоий тармоқларда одамлар шубҳа билдираётган эди.

1858 йилда ташкил этилган Cambridge Assessment Кeмбриж унивeрситeтининг нотижорат кафeдраси ҳисобланиб, 170 дан ортиқ мамлакатдаги 10 000 та мактабда 8 миллиондан зиёд ўқувчининг билимини баҳолашда кўмак беради. Компаниянинг тажрибаси Oxford, Stanford, Harvard, Yale, Columbia каби сара унивeрситeтлар, Европа иттифоқи давлатлари, Канада, Австралия, Янги Зeландия ва бошқа кўплаб мамлакатлар университетлари томонидан тан олинган.