Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 7 июндан консерваторлар партияси лидерлигидан кетиши, партиянинг янги лидери сайланиши билан бош вазирликдан ҳам истеъфо беришини эълон қилди.

Мэй ўзининг хиссиётларга тўла нутқида 2016 йилги Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиши юзасидан бўлган референдум натижаларини амалга оширишга астойдил ҳаракат қилганини айтган.

У, шунингдек, мамлакатни янги раҳбар бошқариши кераклиги, бу ҳамманинг манфаатига хизмат қилишини таъкидлаган.

Тереза Мэй 2016 йилги референдумдан сўнг бош вазир бўлган. Унинг даври асосан Британияни ЕИдан ажратиш ҳаракатлари билан ўтиб кетган. Аммо шунча уринишига қарамай бирор тайинли натижага эриша олгани йўқ.

Мэйнинг Брекзит бўйича парламентга киритган бирорта ҳам лойиҳаси тасдиқланмагач, уни ўз партиядошлари ҳокимиятни бошқасига топширишга ундади.