Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2019 йилда Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Унга кўра

  • вилоятдаги ногирон ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 246 нафар хотин-қизни ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлаш,
  • ишлаш истагидаги 2261 нафар аёлни «устоз – шогирд» тизими асосида ҳунармандчиликка ўргатиш назарда тутилган.

Дастурга асосан хотин-қизлар кутубхоналари учун «ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳалари ёритилган, тарбиявий аҳамиятга эга» 270 турдаги асарни 20 минг нусхада чоп этиш режалаштирилган.

  • Бухоро шаҳри, Олот, Ғиждувон ва Қоракўл туманлари «салбий ҳолатлардан холи ҳудуд»га айлантирилади. Бу нима деганини ҳозирча таҳририят ҳам тушунмай турибди.

Бухоро вилоятида ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашнинг йўналишлар бўйича тақсимоти ва манзилли рўйхати тасдиқланди.

  • Унга кўра 540 маҳаллада жами 316 та лойиҳа амалга оширилади ҳамда 22436 та янги иш ўрни яратилади. Бу орқали эса 17 минг ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланади.

Қарорга мувофиқ вилоятдаги оғир ижтимоий вазиятдаги уй-жойга муҳтож аёллар учун белгиланган 7 та тумандаги бинолар қайта ихтисослаштириш йўли билан реконструкция қилган ҳолда тураржойларга айлантирилади.

Бундан ташқари, қарор билан жорий йилда вилоятда ўз тадбиркорлигини ташкил этадиган хотин-қизларнинг туман(шаҳар)лар бўйича асосий параметрлари тасдиқланди.

  • Унга кўра тадбиркорлик йўналишида жами 168 лойиҳа амалга оширилиши, бунга 7 млрд 477 млн сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Хотин-қизларни, айниқса қийин аҳволга тушиб қолган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни ўқитиш дастури ишлаб чиқилади.

Нотинч оилалар ва жиноятчиликка мойил хотин-қизлар билан ишлашда улар ўртасида салбий ҳолатлар келиб чиқишининг сабабларини бартараф этиш бўйича идоралараро ҳамкорликни таъминловчи электрон дастур тажриба тариқасида амалиётга жорий этилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича алоҳида бошқарма ва унинг бўлимлари ташкил этилади.