1Медиада буллинг мавзуси кўтарилаяпти, нима у?

ОАВда айтилишича, Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчилари орасида зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳани ишга туширибди. Биз бу муаммо ўқувчилар ўртасида кенг ёйилаётганини ҳисобга олиб, бу ҳодиса ва унинг хавфи ҳақида гапириб бермоқчимиз.

2Қанақа зўравонлик ҳақида гап кетаяпти ўзи?

Гап ўзбек жамияти учун янги сўз, лекин эски тушунча бўлмиш буллинг (bullying) ҳақида кетаяпти. "Буллинг"га кўп таъриф берилган. Қисқаси, буллинг “таъқиб ва зўравонлик” маъносини билдириб, коллективдаги заифларни (қурбонлар ёш ёки катта бўлиши мумкин!) қасддан ва мунтазам таъқиб қилишдир. Буллингнинг психологик, жисмоний, очиқ ёки кўринмас шакллари мавжуд.

Таъқиб деганда, одатда, таҳқирлаш, устидан кулиш, атайлаб эътибор бермаслик, камситиш ва калтаклаш тушунилади. Кўп ҳолларда буллинг бир марталик ҳодиса эмас.
Фақатгина "ғалати" ёки "заиф" бўлганларгина эмас, ҳар қандай бола буллинг қурбони бўлиши мумкин. Одатда, таъқибнинг сабаби – синфдошлар орасида ҳукмронлик қилишга интилиш.

Ҳозир буллинг бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам долзарб масалалардан бирига айланган.

БМТ тадқиқотида айтилишича, ёшларнинг учдан икки қисми мактабда таъқибга учрайди. Кўп ҳолларда болалар мактабдаги низоларни катталардан беркитади. Ҳар учинчи бола ўзи ҳам таъқибда бир неча бор иштирок этган.

Ўзбекистонда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов биринчилардан бўлиб бу муаммо ҳақида очиқ гаплашишни таклиф қилган.

3Буллинг нимаси билан хавфли?

Ҳар қандай зўравонлик ва таъқиб қурбоннинг руҳиятига зарар етказади. Тадқиқотга кўра, таъқибга учраган болаларнинг соғлиғи, хусусан руҳий соғлиғи ҳам ёмонлашади. Ёшлар ёлғизланиб, уларда тушкунлик ва ожизлик, ваҳима ҳисси шаклланади. Баъзилари ўз жонига қасд қилади.

Лекин зўравонлар ҳам хавф остида экан: улар ўз тенгдошларига қараганда алкогол ва наркотик қарамлигига мубтало бўлар экан. Зўравонлар ҳам тушкунлик ва суицид васвасасига тушишга мойилроқдир.

4Буллинг ҳолва, ҳозир кибербуллинг пайдо бўлган

Кибербуллинг буллингнинг ўзгинаси, фақат энди таъқиб интернетда, "Telegram", "Facebook", "Odnoklassniki" каби ижтимоий тармоқлар ва блогларда, ҳатто телефон ва SMS орқали амалга оширилади.

Буллинг хавфлироқми ёки кибербуллингми деган саволга аниқ жавоб йўқ. Иккисининг қоришмаси – масалан, аввал синфда, кейин интернетда – хавфлироқ бўлса керак. Тадқиқотлар бу иккиси ўзаро боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда. Синфда таъқиб қилинганларни, одатда, интернетда ҳам таъқиб қилишни давом эттиришади. Офлайн буллинг кенгроқ тарқалган бўлса ҳам, унинг қурбони уйида таъқиб ва масхаралардан холи бўла олади. Кибербуллерлар эса қурбонини 24 соат таъқиб қилиши мумкин.

5Менинг ҳам устимдан кулишган, лекин мен "латта" бўлиб қолмадим-ку!


Кўпгина инсонлар болалар орасидаги буллинг барча бошидан кечириши шарт бўлган ўзига хос "ҳаёт мактаби" деб ҳисоблайди. Аслида, тадқиқотларга кўра, аксарият буллинг қурбонларининг психикаси жиддий лат ейди ва улар ўзини ҳаётда ҳеч қачон тўлиқ ўнглаб ололмайди. Шунинг учун ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам буллингга жиддий эътибор бериши ва, керак бўлса, аралашиши лозим.

6Буллингдан қандай ҳимояланиш мумкин?

Буллингни тўлиқ йўқ қилиш имконсиз, бу жамиятда доимо у ёки бу шаклда давом этаверадиган ҳодиса. Буллингдан тўлиқ ҳимояланиш имконсиз бўлса-да, қуйидаги маслаҳатлар ундан сабоқ чиқариб, кучлироқ инсон сифатида шаклланишга ёрдам бериши мумкин:

  • Ижобий психологияни ўзингиз ўрганинг ва фарзандингизга ўргатинг. Ижобий психология инсондаги патология ва муаммоларни эмас, кўпроқ инсонларнинг некбинлиги ва бардошлилигини қандай сақлаб қолишини ўрганадиган фандир.
  • Болага у ёки бу ҳодисага ўз муносабатини шакллантиришга кўмаклашинг. Ҳар қандай инсонни ёшликдан уч нарса шакллантиради: генотипи, атроф-муҳит ва инсоннинг ҳодисага ички муносабати. Мана шу ички ёндашув ҳаётда энг муҳим ва ҳал этувчидир. Агар болада ўзининг ички муносабати шаклланмаган бўлса, унинг буллинг қурбони ёки агрессорга айланиб кетиши енгил кечади.
  • Медитация (ёки намоз), спорт, яхши уйқу, яқинлар билан кўпроқ мулоқот боланинг буллингга бардошлилигини оширади.
  • Макро ва микро нутриентларга бой таомларни ейишнинг ҳам таъсири катта.
  • Болага шукур ва сабр қилишни ўргатинг.
  • Болага ўз қадр-қимматини атрофдагиларнинг ўлчами билан эмас, ўзининг ички ўлчами билан ўлчашни ўргатинг. Ўқитувчиси ёки ота-онаси учунгина "беш"га ўқийдиган бола одатда фақатгина ёдлаш билан кун кечиради.
  • Мақсадларни тўғри қўйишни ва уларга эришиш технологияларини ўргатинг.
  • Яхши ва мунтазам қайтариладиган одатлар ҳам бола фаровонлиги учун муҳим.
  • Буллингни конструктив тарзда бошдан кечириш учун уни иложи борича ёзма равишда таҳлил қилиш ҳам ёрдам беради.

Ота-оналар доимо буллингга қарши чора кўриши керак, айниқса буллинг оғир ёки доимий тус олаётган бўлса. Буллинг ўзидан ўзи ўтиб кетмайди. Мактаб директори ёки боланинг ўқитувчиси билан гаплашинг.


Мазкур материал Халқ таълими вазирлиги "Мактабларда зўравонликнинг олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси" лойиҳаси доирасида, хусусан АҚШлик ижобий психология мутахассиси, профессор Лори Вулф ёрдамида тайёрланди.

Лойиҳа мактабларда ўқувчиларнинг эмоционал ҳолатини аниқлаш ва ижобий психология методини ўқитиш орқали буллингнинг олдини олиш ва унга қаршиликни оширишга қаратилган.

Мазкур лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, ижобий психологияни ўқитиш методикасини педагогларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Лойиҳага ёрдам бераётган профессор Лори Вулф болалар ва ўқитувчилар ўртасида стрессни бошқариш соҳасида, шунингдек, болаларда стресс ҳолатини аниқлашга ихтисослашган эксперт.