1 март куни ўзбек шоири Зулфия таваллуди нишонланади. Бугун ҳамма Зулфияхонимни хотирлайди, ўзбек адабиёти учун қилган хизматларини ёдга олади. Зулфия шеърияти ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга. Лекин ушбу санада ўзбек адабиётининг яна бир заҳматкаши Озод Шарафиддинов ҳам таваллуд топган.

Бу йил Озод Шарафиддинов ҳаёт бўлганида 90 ёшга тўларди. Нега атоқли олим ва таржимон таваллудининг 90 йиллиги нишонланмаяпти?

Озод Шарафиддинов 1929 йил 1 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. Заҳматкаш олим умри давомида адабий танқид билан шуғулланди. Шунингдек, Озод Шарафиддинов таржима санъатига танқидчилик концепциясини олиб кирди. Лев Толстойнинг "Иқрорнома", Пауло Коэлонинг "Алкимёгар", Савеланинг "Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан" асарларини ўзбек тилига ўгирди. 1997 йилда “Жаҳон адабиёти” журналини ташкил қилиб, унинг 100 та сонини тайёрлашда бошчилик қилди.

Мустақиллик йилларида Озод Шарафиддиновнинг “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” номли мақоласи шов-шувга сабаб бўлган эди.

Мақолада муаллиф коммунизмга алданган авлод вакили сифатида эътиқодини нега ўзгартирганини очиқлаган.

“Абдулла Қаҳҳорнинг ибораси билан айтганда, мен партияга чақириқ қоғози билан кирган эмасман. Бинобарин, менинг коммунистча эътиқодим ҳам қандайдир мажбуриятлар туфайли, кимларнингдир қийин-қистови билан шаклланган эмас. Аксинча, эсимни танибманки, мен юрган йўллар тўппа-тўғри партияга олиб келувчи йўллар бўлган эди. Балоғат ёшига қадам қўйишим биланоқ партияга аъзо бўлиш, коммунистлар сафида одим отмоқ ҳаётимнинг бош мақсадига айланган эди. Мени бунга ҳеч ким мажбурлагани йўқ, лекин бутун турмуш тарзим, мактабда кечирган ҳаётим ҳам, оиламиздаги шароит ҳам, умуман, мен яшаб нафас олаётган муҳит бошидан оёғигача буткул менда шу иштиёқни туғдирди ва яшнатиб авж олдирди”, – дея олим мақолада коммунистик партияга қандай қилиб кирганини изоҳлайди.

Муаллиф сўзида давом этаркан, тузумга садоқат ҳеч бир манфаатларсиз, самимий ва беғараз бўлганини таъкидлайди:

“Сталинга садоқатимиз шу қадар улуғ эдики, уни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмасди. Биров "Сталин учун жон беришинг керак" деса, кўпчилигимиз сира иккиланмасдан "Мен тайёр!" дея олдинга чиқардик. Биз ана шундай садоқатли ва фидокор эдик. Анча йиллар ўтиб кетгандан кейин билдим – фашистлар Германиясидаги бизга тенгқур ёшлар ҳам Ҳитлерга садоқатда худди ўзимизга ўхшар экан, улар ҳам ўзларининг фашистча идеаллари йўлида жон фидо қилишга тайёр тураркан. Қизиқ, бир-бирига ашаддий душман икки мамлакат, бир-бири билан ҳаёт-мамот жанги олиб борган икки партия ўз ёшларини бир хил йўлда тарбия қилибди, уларни бир хил фазилатлар эгаси қилиб етиштирмоқчи бўлибди. Кейин-кейин улғайиб, тажриба орттириб, беш-олти кўйлакни йиртгандан кейин мулоҳаза юритиб билдимки, садоқат деганлари ҳам, шак, гумон деганлари ҳам ҳар хил бўлар экан”.

Бугунги кундаги “сохта ва манфаатли садоқат”нинг зарарига тўхталаркан, “Садоқат деганлари жуда яхши, қимматли фазилат, аммо у кўр-кўрона, ақл ўтхоналарида тобланмаган бўлса, фазилат деб аташ қийин. Бундай "фазилат"дан фақат кулфат келиши мумкин. Худди шунингдек, ҳар қандай эркин фикр, ақлиёт бобидаги ҳар қандай кашфиёт гумондан, шакдан бошланади, лекин "гумон" ҳам кўр-кўрона бўлса, меъёр ва чегарадан чиқиб кетса, одамни беҳаловат қилади, ҳамма нарсадан юз ўгириб, ҳар қандай неъматни оёқости қилувчи, ҳатто иймонини ҳам сустлаштирувчи махлуққа айлантиради”, – деб ёзади.

Ўша давр зиёлисининг фожиасини шундай изоҳлайди:

“...биз савол бериб ўрганмаган эдик. Негаки савол бермоқ учун одам синчков бўлмоғи, ҳар нарсанинг тагига етишга тиришмоғи керак, фикрлайдиган одам бўлмоғи шарт. Биз айни шу фикрлаш масаласида оқсар эдик, юқоридан айтилган ёхуд матбуотда ёзилган ҳар қандай гапни таҳлил чиғириғидан ўтказмай, ҳақиқат деб қабул қилишга кўникиб қолган эдик. Бунинг натижасида ҳар хил ёлғон-яшиқлар, бўлар-бўлмас афсоналар онгимизга сингдириларди. Ҳар куни такрор-такрор айтаверганидан кейин ёлғон ҳам ростга ўхшаб қолар экан”.

Озод Шарафиддинов зиёлилар орасида ўз эътиқодини ўзгартирганига изоҳ берган ягона зиёли эди:

“Компартия тарқаб кетганидан кейин янги партиялар тузилди. Мени ҳам улар сафига киришга таклиф қилдилар. "Мени қўйинглар, биродарлар, – деб жавоб бердим. – Келинг, энди бу ёғига адашсам, ўзим адашай, ўзим тузатай ва ўзим жавоб берай". Мендан сўрашлари мумкин – хўп, коммунистик эътиқоддан воз кечибсиз, бошқа партиялардан бош тортибсиз, энди эътиқодсиз яшамоқчимисиз? Нега энди эътиқодсиз яшар эканман? Аксинча, бугун иймоним бутроқ, эътиқодим мустаҳкамроқ бўлиб қолди. Бугун мен умумбашарий қадриятларга, яхшиликка, ҳалолликка, диёнат ва инсофга эътиқод қўйдим”.

Бугун ўтган даврни “қора туш”га қиёслаётганлар, кечасига тош отиб бугуннинг стандартига мослашиб олаётган баъзи бир “зиёнли” зиёлилар ўзларининг эътиқоди ҳақида ўйлаб кўрмайдиган бир пайтда Озод Шарафиддиновнинг ушбу мақоласи нақадар долзарб эканини англаш мумкин.

Ушбу мақола зиёлининг ўз виждони олдидаги ҳисоботидир.

1 март адабиёт кўчасида Зулфиянинг таваллуд куни сифатида нишонланаётган бир кунда Озод Шарафиддиновнинг 90 йиллиги негадир эсланмаяпти.