Ўзбекистон cавдо-cаноат палатасидаги протекционизм ва лоббистлар мавзусидаги муҳокама янада кўпроқ баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бу баҳсу мунозаралардан кейин Ўзбекистон учун муҳими нима: мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан турли соҳаларда янги иш ўринлари барпо этиш, ички бозорни Ўзбекистоннинг ўз товарлари билан тўлдиришга эътибор қаратиш керакми ёхуд протекционизмдан воз кечиб, Жаҳон савдо ташкилотига кириш томон юриш, маҳаллий бизнесларни ҳозирдан шафқатсиз бозор шароитига кўниктириш деган саволга аниқроқ жавоб топиш осонлашадиганга ўхшайди.

Тошкентда Савдо-саноат палатаси ташкил қилган учрашувда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўзларининг муаммоларини "тўкиб солганлари" ҳақида gazeta.uz батафсил мақола эълон қилди.

  1. Учрашувда сут, мой, пишлоқ, колбаса ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорлар, қандолатчилик, тўқимачилик, мебел ва юк кўтариш техникаси билан машғул ишбилармонлар қатнашганлар.
  2. Учрашувда импорт божлари пасайтирилишининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига таъсири, Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларга Ўзбекистондан сут ва гўшт маҳсулотлари олиб чиқиш имконсиз экани, биржадаги нарх-наво ва бозор иштирокчилари учун тенг шароит яратилмагани сингари қатор муаммолар тилга олинган.

"Савдо-саноат палатасининг раиси Адҳам Икромов хорижий компаниялар билан рақобатдан нолиган Kippers болалар тагликларини ишлаб чиқарадиган Navruz компанияси хатини ўқиб берди.

'Pampers, Libero, Huggies каби таниқли савдо белгилари маҳсулотлари МДҲ мамлакатлари орқали импорт қилиниши муносабати билан 10 фоиз миқдорида белгиланган импорт божи тўланмаяпти, бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчининг савдоси қисқаришига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан импорт қилинаётган маҳсулотларга божхона қийматидан 10-15 фоиз миқдорида акциз божи жорий этиш таклиф этилади.

Маҳаллий гулқоғоз елими ишлаб чиқарувчи корхона юқори сифатли маҳсулотга эга бўлгани ҳолда бозорнинг хорижий брендлар билан тўлдириб ташлангани муаммосига дуч келганидан норозилигини билдирган. Компания елим сифатида фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларга 15 фоиз миқдорида акциз ставкаси белгилашни таклиф қилган.

Polifleks полиграфия корхонаси British American Tobacco (BAT) қадоқни Россиядан сотиб олишни бошлаганидан сўнг ишлаб чиқариш ҳажмининг 50 фоизини йўқотганини маълум қилди. Polifleks вакилининг маълум қилишича, компания BAT билан беш йилдан бери ишлаб келаётган эди.

«Энди эса ишлаб бўлмаяпти, чунки Россиядаги энг катта фабрика 30 фоиз арзон маҳсулот таклиф қилаяпти, чунки уларда акциз йўқ, хомашё арзон, етказиб бериш 50 фоиз арзон», – деди у...

«Адҳам Икромов божлар оширилса, маҳаллий корхоналар нархларни ошириб олмайдими деган савол билан мурожаат қилди. Муҳаммаджон Орипов (Bio-Sut қўшма корхонаси раҳбари) у ҳолда сут маҳсулотлари учун ҚҚСни 10 фоизгача пасайтириш кераклигини айтди», – дейилади gazeta.uz веб-сайтида эълон қилинган "Протекционизм vs. эркин савдо: тадбиркорлар божларни оширишни сўрамоқда» сарлавҳали мақолада.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Муҳрим ушбу мақолага муносабатларни ўзининг телеграм-каналида эълон қилди:

«Huggies Россияда ишлаб чиқарилади. 4 размердагисининг келиб тушиш нархи 900 сўмга тўғри келади, импорт билан бирга нархи шунақа. Kippers ички бозорга 1550 сўмдан сотади. Лекин сифат томонлама "Huggies"га чой қуйиб беради. Нега энди истеъмолчи ҳам қиммат, ҳам нисбатан сифати пастроқ товар олиши керак?».

Бошқа муштарий яна бир қизиқ фикр билдирган:

«Импорт тайёр маҳсулот учун божларни оширишни сўрамасдан, импорт хомашё учун божларни бекор қилишни сўраса бўлмайдими жонкуяр ватанпарварларимиз?».

Иқтисодиётчи Ботир Қобилов ёзаяпти:

«...Аввалги хатоларимиз шуни кўрсатмоқдаки, протекционизм (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, ички бозорни ҳимоя қилиш) – ёмон ва ишламайди. Яна икки-уч йил протекционизмга чидаб туриш ҳақидаги илтимос эса такси ҳайдовчиси ёки бозордаги сотувчининг "озгина қўшинг" деганидан ҳам ёмонроқ».

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрлари:

«Биласизми-йўқми, лекин бизда жуда кўп иқтисодиёт тармоқларини вақтинча ҳимоя қилиш Каримов ҳукумати даврида машҳур чора эди. Яъни, "ўзбек автомобиллари ҳам келажакда рақобатбардош бўлади, бу ҳимоя вақтинчалик чора" дейишган эди. Тарихимизнинг деярли протекционист қарорлари "вақтинчалик" эди. Ўхшамади-ку».

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёмон кўрадиган Зафар Ҳошимовнинг фикрлари (улар Ҳошимовни чақирмай, унинг орқасидан роса гапиришганидан «Korzinka.uz»нинг асосчиси ва эгаси унчалик ҳам хурсанд эмас):

«Ҳа, биз хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импорти ва дистрибуцияси билан шуғулланамиз, аммо бу бизнесимизнинг бор-йўғи 20 фоизини ташкил этади. Савдоларимизнинг 80 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ташкил этади ва шу жиҳатдан сиз, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз, барча камчиликларда бошқаларни айблашдек болалар касаллигидан тезроқ даволанишингиз жуда муҳим аҳамиятга эга...

Давлатдан ҳимоя этиш талаби билан қилаётган ишингиз ўз истеъмолчиларингизга ўз маҳсулотингизни зўрлик ишлатиб, уларнинг хоҳишига зид ўлароқ, катта тарифлар орқали тиқиштиришдан бошқа нарса эмас. Бу уларнинг чўнтакларига бозор методлари эмас, балки очиқчасига маъмурий йўллар билан янада чуқурроқ кириб олиш истагидан бошқа нарса эмас».

Kun.uz таниқли журналист Карим Баҳриевнинг"Монополлар, протекционизм ва лоббистлар парвози. Иқтисодиётдаги офатлар ҳақида" деб номланган мақоласини эълон қилди.

«...давлатдан имтиёзлар ундиришнинг ўзи алоҳида бизнесга ва коррупция схемасига айланади. Лоббистлар давлатни шантаж қилади: агар маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳимоя қилинмаса, "ишчи ўринлари йўқ бўлади", "ишсизлик кўпаяди", "корхона банкрот бўлади", "олган кредитлар ва киритилган сармоялар қайтарилиши керак", "ғалла мустақиллиги", "саноат хавфсизлиги" лозим ва ҳоказо.

"Миллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш" ниқобидаги протекционизм бозор иқтисодининг асосларига путур етказади ва унинг неъматларини йўққа чиқаради: сифатли чет эл маҳсулотига импорт тарифларини ошириш орқали халқни "ўзимизники" бўлган сифатсиз маҳсулотни қимматга олишга мажбурлаш нафақат ноинсонийлик, балки халқни қашшоқлаштириш ва бу орқали харид қобилиятини пасайтиришнинг сабабидир, бу божи оширилган чет эл маҳсулоти ҳам, ички маҳсулот ҳам қимматлашувига олиб келади. Аҳолининг даромади пасаяди, импорт божи ошиши маҳсулотни қонуний олиб киришни норентабел қилгани учун контрабандани кўпайтиради, маҳсулотига бож оширилган давлатлар билан муносабатга рахна солади ва бизга жавобан шунга монанд чоралар кўрилишига олиб келади.

Монополистлар иқтисодни ислоҳ қилишга қарши турган, реал бозор иқтисоди жорий этилишига монелик қилаётган бир мамлакатда монополияга қарши қўмита ва идоралар борми, бор бўлса улар нима билан машғул эканини билишни истайди инсон.

Ислоҳотларга ишонч туман ичига ботиб бормоқда. Яна "ўзимизга хос-ўзимизга мос тараққиёт йўли" бошланмасин. Умидларимиз бор», – деб ёзади Карим Баҳриев.