2019-2020 ўқув йили учун 37 млнга яқин дарсликлар янгидан чоп этилганлиги боис, ижараси озгина ошди. Бу ўсиш фақатгина 3-, 8- ва 9-синфлар учун таалуқли, қолган синфлар дарсликларининг ижара нархи ўзгармаган ва ҳаттоки баъзи синфлар учун ижара тўлови миқдорлари камайган.

Бу йилги 3-, 8- ва 9-синфлар дарсликлар ижараси ўтган йилларида белгиланган миқдорларга нисбатан 12 минг сўмдан (3-синфлар учун) 32 минггача (8- ва 9-синфлар учун) ўсган.

Нархнинг ўсишининг асосий сабаблари дарсликларни чоп этиш ва етказиб бериш нархларининг ўсишидир:

  • 8- ва 9-синф дарслик тўпламлари (16-17 та дарсликлардан иборат) сўнгги бор 2014 йилда чоп этилган бўлиб, ўша йилдагига нисбатан ўртача бир дона дарсликнинг таннархи 3,4-3,8 баробарга ўсган.
  • 3-синф дарслик тўпламлари (10-11 та дарсликлардан иборат) эса охирги марта 2016 йилда чоп этилган таннархларга нисбатан 2,6 баробарга ошган.

Агарда ушбу дарсликларни эркин савдода сотиб олмоқчи бўлсангиз, мисол учун, 2019-2020 ўқув йилига янгидан чоп этилган ўзбек тилидаги 8-синф ўқувчилари учун белгиланган 16 та дарсликни 140 минг сўмга оласиз. Ижара нархи эса 41 минг сўм.

Баъзи синфлар учун ижара тўлови миқдорлари камайган. Нархлар ўтган ўқув йилларида чоп этилган ҳамда фойдаланиш муддатлари тугамаган дарслик, машқ дафтарларининг тиллар ва синфлар кесимида белгиланган ижара тўлови миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, синфлар кесимида тенглаштирилиши натижасида пасайган. Мисол учун, 2- ва 11-синфлар учун ижара тўлови миқдорлари ўтган ўқув йилига нисбатан мос равишда 3700 ва 7100 сўмга камайган.

2001 йилдан бошлаб мактабларда дарсликларининг ижара тизими жорий қилинган.

Мактабдаги дарсликлар тўплами учун ижара тўлови 30 сентябргача тўлиқ ҳажмда тўланади.

  • Ўқувчиларнинг ота-оналари пул маблағларининг вақтинчалик йўқлиги сабабли, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида умумтаълим мактаби маъмуриятига мурожаат қилиши мумкин.

Ижара тўлови муддати узайтирилган тақдирда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 30 сентябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.

«Меҳрибонлик» уйлари, махсус мактаб ва мактаб-интернатлари тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги ўқувчилар дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.