Бу йил ўқувчиларни ўтган йиллардагидан фарқли “Президент совғаси” кутмоқда. Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 2019 йили 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилган.

“Президент совғаси”дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган. Жумладан, портфел, 2 хил чизиқдаги 12 дона дафтар, қаламдон, расм дафтари, рангли қоғоз, шарикли ручка, акварел бўёқлари, рангли қаламлар жамланмаси, елим, оддий қаламлар ва ўчирғич янги ўқув йилининг илк куни 1-синф ўқувчиларига топширилади.

“Президент совғаси” болажонлар қўлига етиб бориши, уларга кўп вақт хизмат қилиши Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимига кирувчи “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси зиммасига юклатилган. “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси томонидан ҳар йили Президент совғаси сифатида 1-синф ўқувчилари учун бериладиган 12 турдаги ўқув қуролларидан ташқари, барча таълим муассасаларига дарслик, ўқув-услубий қўлланма ва бадиий адабиётлар, шунингдек, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун мактаб мебеллари, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа товар-моддий бойликлари Халқ таълими вазирлиги тақсимотларига асосан етказиб берилмоқда”, дейилади ХТВ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни 627 мингдан зиёд ўғил-қиз 1-синфда, бундан ташқари, имконияти чекланган 13 минг нафар бола ўз уйида таълим олишни бошлайди.