Самарасиз нефт-газ тармоғида аҳири ислоҳотлар бошланди. Шавкат Мирзиёев 9 июлда нефт-газ тармоғини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган муҳим қарорни имзолади. Газ монополисти “Ўзбекнефтгаз” АЖ учга бўлинди.

Бу соҳани нега аллақачон ислоҳ қилиш керак эди: “Ўзбекнефтгаз” қишки мавсумда “Лукойл”дан Ўзбекистонда қазиб чиқарилган газни жаҳон бозори нархи – 146 доллардан сотиб олиб, ички истеъмолчиларга 40 доллардан етказиб бергани ортидан «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдорида қарз бўлиб қолган эди. Бу ва вилоятларни газ билан таъминлашдаги доимий тус олган муаммолар сўнгги йилларда ёқилғи-энергетика тармоғи таназзулга учраганидан далолат беради. Бу соҳадаги геология қидирув ишлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва нархларни шакллантириш ишларининг самарасизлиги иқтисодиёт ва аҳолининг энергия ресурслари билан тўлиқ таъминланмаслигига, нефт-газ тармоғи корхоналари молиявий ҳолатининг ёмонлашувига олиб келди.

  • Сўнгги 20 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажми 8 фоиз ошгани ҳолда мамлакат корхоналари томонидан уни қазиб олиш ҳажми 29 фоиз пасайди.
  • 2008 – 2018-йилда тасдиқланган табиий газ захиралари 4 фоиз қисқарди,
  • ўтган 5 йил давомида табиий газнинг табиий захиралари ўрнини тўлдириш бўйича ўртача кўрсаткич 70 фоизга яқин бўлди.
  • 2017 – 2018-йилларда молиявий маблағларнинг етишмаслиги ва моддий-техник ресурсларнинг тақчиллиги натижасида табиий газ қазиб олишнинг ўсиши прогноз кўрсаткичларига нисбатан 42 фоизни ташкил этган холос.

Ёқилғи-энергетика тармоғидаги ислоҳотлар нимадан иборат: авваламбор бу соҳадаги тартибга солиш функцияси ва тижорат фаолияти ажратилди.

  • Газ монополисти “Ўзбекнефтгаз” АЖ учга бўлинди. Энди “Ўзбекнефтгаз” тизимни бошқаради, табиий газни қазиб олади ва қайта ишлайди, “Ўзтрансгаз” газни етказиб беради, “Ҳудудгазтаъминот” ҳудудий газ тақсимлаш тармоқларини эксплуатация қилади ва суюлтирилган газни аҳолига сотади.
  • Газ тақсимлаш тармоқларини эксплуатация қилиш ва истеъмолчиларга табиий газни сотиш билан хусусий операторлар ҳам шуғулланиши мумкин.
  • “Ўзбекнефтгаз”га “Ўзбурғунефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзнефтгазмаш” АЖларни қўшиш орқали компаниянинг бошқарув тизими такомиллаштирилди.
  • “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз” молиявий ҳисоботлари халқаро стандартларга (IFRS) мувофиқ тузилади ва халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилиб ташқи аудит ўтказилади.
  • “Ўзнефтмаҳсулот”нинг фермерларга хизмат кўрсатувчи 1381 та автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари тадбиркорларга аукцион орқали сотилади.
  • “Ўзбекнефтгаз” таркибидаги ташкилотларнинг 13 та бозор, савдо ва чорвачилик комплекси устав капиталидаги улуши маҳаллий ҳокимликларга ўтказилди.

Ёқилғи секторидаги учта компаниянинг ҳозирги босқичдаги энг муҳим вазифаси этиб:

  • "Ўзбекнефтгаз” АЖ учун – 2024 йилга келиб углеводород хомашёси, шу жумладан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 миллиард метр кубга ва суюлтирилган газни 1,5 миллион тоннага етказиш, шу билан иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш ва компаниянинг даромадини орттириш;

  • "Ўзтрансгаз” АЖ учун – газ транспорт тизимининг “заиф” жиҳатларини бартараф этиш ва унинг транзит салоҳиятини ривожлантириш;

  • “Ҳудудгазтаъминот” АЖ учун – табиий газни истеъмолчиларга етказишда йўқотишларни камайтириш белгиланди.

Қарор айтилишича, нефт-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади, уни амалга ошириш бўйича республика ишчи тузилади.

Комиссия углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш, газ-транспорт тизимини модернизация қилиш чораларини кўради.

Энергетика вазирлигида нефт-газ тармоғини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил қилинади.

Нефт-газ тармоғини ислоҳ қилиш билан бирга газ нархи ҳам ошади: Ўзбекистонда энергия ресурсларига нархларни ошириш режалаштирилган. 5 июлда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

"Тарифларини оптималлаштириш"ни расмий тилдан ўзбек тилига таржима қилсак, давлатга тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежайдиган технологияларни қўллаш учун пул керак. Электр ва газ ресурсларига нархларни оширмасдан тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.

Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг раиси Муҳамет Жумагалдиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги газ ва электр энергияси тарифлари жаҳондаги ва қўшни мамлакатлардагига нисбатан икки-уч баробар, айримларидан эса беш-олти баробар арзон (бу иддао қўшни давлатлар билан солиштирганда ҳақиқатга тўғри келмайди). "Шунинг учун электр энергияси ва газ нархи секин-аста оширилади, жаҳон мамлакатларидаги нарх билан тенглаштирилади", – деган эди депутат.