Пекинда “Бир макон, бир йўл” иккинчи форуми ўтмоқда. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этаяпти. Баъзилар бу ташаббусни кучайган Хитойнинг геополитик амбициясининг кўриниши деса, яна баъзилар уни барчани фаровонликка элтувчи янги ғоя дейди.

Хитойнинг бу глобал ташаббуси нимани англатади ва Ўзбекистонга қандай алоқаси бор?

“Бир макон, бир йўл” (БМБЙ) ўзи нима: қисқа қилиб айтганда, Хитой қадимги Буюк ипак йўлини қайта тикламоқчи. Шу мақсадда Хитой рахбарияти инглиз тилида "Belt and Road Initiative", рус тилида "Инициатива пояса и пути", ўзбек тилига эса негадир "Бир макон, бир йўл" деб таржима қилинаётган глобал ташаббусни илгари сурган.

Ташаббус тарихи: ғоянинг муаллифи Хитой раиси Си Цзинпин ҳисобланади. Си Цзинпин Буюк ипак йўлини қайта тиклаш таклифини илк бор 2013 йили Марказий Осиё мамлакатлари ва Индонезияга сафарлари пайти кўтарган.

Хитой қадимдаги карвон йўллари бўйлаб товарларни Шарқдан Ғарбга етказишни кўзлаган.

  • Қуруқлик орқали ўтадиган йўналиш учта йўлакни ўз ичига олган.
    • Бу йўлакнинг биринчиси Хитой – Марказий Осиё – Россия – Европа йўлаги.
    • Кейингиси Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё – Форс кўрфази – Ўрта денгиз.
    • Жанубий йўналиш Хитой – Жануби-ғарбий Осиё – Жанубий Осиё – Ҳинд океани.
  • Денгиз йўли эса Хитойнинг шарқий соҳилларидан Жанубий Хитой денгизи орқали Тинч океани жанубига чиқиш ҳамда Хитой соҳилларидан Жанубий Хитой денгизи ва Ҳинд океани орқали Европага чиқиш мақсадини кўзлаган.

Хитой БМБЙ доирасида янги автомобиль йўллари ва темирйўлларни, кўприклар ва саноат паркларини, бандаргоҳ ва нефть, газ қувурларини қуришни, йўл-йўлакай янги конларни ўзлаштиришни таклиф қилмоқда.

Хитой раҳбарлари янги ташаббус товарлар ва капитал экспортини кўпайтиради, янги ишлаб чиқариш ва иш ўринларини барпо этади, қайси давлат ушбу ташаббусга қўшилган бўлса, ундан манфаатдор бўлади деб ҳисоблайди.

Хусусан, Пекиндан чиққан тезюрар поездни бир кунда Олмаотага, икки кунда Москвага етиб борадиган қилишмоқчи.

Ўзбекистоннинг Қамчиқ довонидаги темирйўл туннели ушбу ташаббус таркибидаги лойиҳа бўлган. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли ҳам шу "Бир макон, бир йўл"нинг таркибий қисмидир.

Хитой раҳбариятининг ушбу ғояси жаҳоннинг 65 мамлакатини қамраб олади. Бу дунё аҳолисининг 60 фоизи, дунё ЯИМнинг 30 фоизи деганидир.

Фото: Синхуа ахборот агентлиги.

БМБЙ кимга кўпроқ манфаатли – дунёгами ё Хитойнинг ўзигами?

Хитойнинг бу ташаббусини дунёда ҳамма ҳам бирдек кутиб олмади. Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар Европа ва Хитой боғланиши орқали кенгаядиган савдо имкониятларини хурсандчилик билан кутиб олди. Лекин тобора ўсиб бораётган Хитойдан қарздорлик бу давлатларда ҳам хавотир ва шубҳа уйғотмоқда.

АҚШ, Россия, Япония ва Хитой каби давлатлар эса Пекин уларнинг томорқасида "Хитой марказли" савдо ва сиёсий тармоқларни кучайтираётганидан хавотирга тушган.

Ўзбек таҳлилчилари ва расмий доиралари Хитойнинг БМБЙ ташаббусига фақат ижобий қарайди. Қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистондан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда бу ташаббусга танқидий қараш шаклланмаган, Хитой Ўзбекистонни аста-секин эгаллаб олиши мумкинлигидан хавотирлар (расман) қайд этилмаган.

Лекин дунёда БМБЙ Хитой манфаатига хизмат қилади деб ҳисоблайдиганлар кўпаймоқда.

  • Қўшниларга бир неча ўн йиллар давомида иқтисодий экспансияни амалга ошираётган Хитойнинг киритадиган сармояси ҳам бор, йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида тажриба ҳам орттирган.
  • Аксар БМБЙ лойиҳаларни маҳаллий ва халқаро ширкатлар эмас, хитойлик мутахассисларнинг ўзи бажаради. Бу Хитой ўзи йўналтирган сармояни ўзи ўзлаштиришдан манфаатдорлигини кўрсатади.
  • Камбағал қўшниларига қарз бериш билан Пекин уларни ўз таъсири доирасига туширишни, иш ҳажми камайиб бораётган ўз ширкатларини янги ишлар билан таъминлашни кўзламоқда деганлар ҳам бор.

The Guardian нашри Хитой сўнгги йилларда бошлаган бир неча миллиард долларлик лойиҳалар тўхтатилганини ёдга олади. Конгодаги 1 миллиард долларлик ёғ заводи, Угандада 1,5 миллиард долларлик эркин савдо зонаси ва Мянмарда 3,6 миллиард долларга баҳоланган тўғон қурилиши ҳам тўхтаб турибди. Малайзия ва Тайланд ҳам бир қатор лойиҳаларни бекор қилган ёки ҳажмини камайтирган. Эфиопия каби давлатлар миллиардлаб долларга тушиб кетаётган БМБЙ лойиҳалари уларнинг Хитойдан қарздорлигини ошириб юбораётганидан хавотирда.

Си Цзинпин БМБЙ иккинчи халқаро форумидаги чиқишида бу хавотирларни аритишга ҳаракат қилган. У лойиҳаларни амалга оширишда кўпроқ шаффофлик ва коррупцияга тоқатсизликни ваъда қилган.

Си Цзинпин ғоясини маъқуллаётганларнинг фикрича, БМБЙ ғояси рўёбга чиқарилса, Евроосиёнинг аксар ҳудудида иқтисодий имкониятлар очилади.