Яқин тарихда деярли ҳеч қачон журналистларни ҳимоясига чиқмаган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (ярим расмий идора) Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг журналистга ташланганини қоралаб чиқди.

"Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Олмазор тумани ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳобовни Kun.uz ходимларига давлат органи ходимига хос бўлмаган тарзда муомалада бўлгани, бу билан чекланмай, ижодий жамоа ходимларидан видеотасвирга олмасликни талаб қилиб, операторга ташлангани, таҳририятга тегишли техник воситани синдириб ташлаганини кескин қоралайди", – дейди ЖИУ ўз расмий баёнотида.

Баёнотда таъкидланишича, бу каби иллатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналистлар эркин фаолият юритиши таъминланишига путур етказиб, очиқлик сиёсатига, мамлакатимиз тараққиётига раҳна солади.

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов қонун олдида жавоб бериши керак ва шарт, деб ҳисоблайди ЖИУ.

"Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи журналист ва блогерларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб турган бир пайтда" ЖИУ Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг бу хатти-ҳаракатини қандай тушуниш кераклигидан таажубланмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси тегишли идоралар – мазкур масалага масъуллардан тезкор чоралар кўрилишини ва бу ҳақда ОАВ вакилларига маълумот бериб борилишини сўрайди.

Аввалроқ бир қатор журналист ва блоггерлар Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси мазкур вазият бўйича сукут сақламасдан, ўз позициясини қатъий баён қилишга чақирган эди.