«Би-би-си» Ўзбек хизмати 9 июн куни Тошкентдаги йирик бозорлардаги нархларни ўрганди. Миробод ва Фарҳод деҳқон бозорларида айрим маҳсулотларнинг нархи бир-биридан кескин фарқ қилмаслиги кўзга ташланди. Бироқ бу нархларни ўртача ойлик маош эвазига кун кечирувчи оилалар чўнтаги кўтарадими?

Кузатувга кўра ёзги пишиқчилик мавсуми бошланаётгани сабабли аксар бирламчи эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотлари баҳор мавсумига қараганда бироз арзонлашган.

Аммо арзон-қиммат тушунчаси, молиявий шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир инсон учун турлича бўлиши мумкин. Ҳар бир муштарий нархлар борасида ўзи тасаввур ҳосил қилишига имкон яратиш мақсадида қуйида Фарҳод ва Миробод деҳқон бозорларидаги айрим муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг 9 июндаги нархини келтирамиз.

Эслатиб ўтмоқ жоиз, баъзи сотувчилар харид жараёнида савдолашишга рўйхушлик билдириши мумкин. Шу сабабдан қуйида келтирилажак нархлар харид ёки кунлар ўтиши ортидан бироз ўзгариши эҳтимоли йўқ эмас.

Маҳсулот Фарҳод деҳқон бозори Миробод деҳқон бозори
Гўшт 43000-50000 сўм 36000-55000 сўм
Товуқ гўшти (бутун/кг) 16000 сўм 17000 сўм
Колбаса (кг) 16000-45000 сўм 22000-53000 сўм
Тухум 400-550 сўм 450-600 сўм
Уй тухуми 1300 сўм 1100-1200 сўм
Гуруч (Аланга, Авангард, Лазер) 6300-13000 сўм 6500-18500 сўм
Қозоқ уни (олий нав/кг) 3500 сўм 3400 сўм
Шакар 5000 сўм 5500 сўм
Писта ёғи 9000-12000 сўм 9000-12000 сўм
Пахта ёғи 8000 сўм 8000 сўм
Сариёғ (200/500 гр) 4000-23000 сўм 4000-50500 сўм
Картошка 800-3000 сўм 2500-4000 сўм
Пиёз 3000 сўм 2500-4000 сўм
Сабзи 3000 сўм 5000 сўм
Помидор 4000-6000 сўм 7000-9000 сўм
Бодринг 2000 сўм 4000 сўм
Бақлажон 4000 сўм 5000 сўм
Карам (кг) 2000-3000 сўм 3000 сўм
Гулкарам (дона) 4000 сўм 6000 сўм
Лавлаги 1000 сўм 3500 сўм
Мош 9000-9500 сўм 9800-10000 сўм
Қизил ловия 8500 сўм 7800-9000 сўм
Оқ ловия 9000 сўм 10500 сўм
Гречка 6000 сўм 5500-6000 сўм
Қовун 15000-20000 сўм 15000 сўм
Тарвуз (кг) 3000 сўм 4000 сўм
Ҳандалак 10000-15000 сўм 10000 сўм
Ўрик 2000-8500 сўм 10000-15000 сўм
Олма 8000 сўм 10000 сўм
Шолғом 4000 сўм
Гилос 6000 сўм
Олча 4000 сўм

Кўриниб турганидек, Миробод деҳқон бозорида бироз қимматроқ, аммо икки ўртадаги нархлар тафовути у қадар йирик эмас.

Ўртача ойлик маош эвазига рўзғор тебратаётган оилалар учун юқоридаги нархлар қанчалик қониқарли ёки қиммат?

Давлат статистика қўмитасининг апрел ойида хабар беришича, 2019 йил январ-март ойларида юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотлар ишчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2049700 сўм бўлган.

Хабарда республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Навоий вилоятида (2806300 сўм) бўлса, Тошкент шаҳрида 2799500 сўм, энг қуйи кўрсаткич эса Наманган вилоятида кузатилгани (1692200 сўм) айтилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги расман тарқатилаётган бундай хабарларнинг асл вазиятга мос келмаслигини таъкидлаётган бир пайтда, бошқалар бозорларда нархлар тинимсиз ошиб бораётганидан шикоят қилади.

Хўш, сизнинг олаётган маошингиз ойлик тирикчиликни ўтказиш ва оилангиз фаровонлигини таъминлашга қанчалик етади? Юқоридаги нархлар сизни қониқтирадими ёки улар ҳаддан зиёд қимматми?