Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва шаҳар ИИББ "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузган, ҳар бир маҳалладаги "эҳтимолий жиноятчи" хотин-қизларга 23 та тоифа бўйича картотека очилиши айтилган эди. Тошкент шаҳар ҳокими бу ҳақдаги қўшма қарорни тасдиқлашга ҳам улгурган.

Табиийки, мазкур рўйхат ижтимоий тармоқларни "портлатди". Хотин-қизлар очиқчасига дискриминация қилинган бу янгилик қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

“Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга аъзо бўлган. Юқоридаги рўйхат эса ўша конвенция талабларига мутлақо зид. Чунки шу рўйхатнинг ўзи аёлларни камситиш дегани! Булар ақлдан озганми, нима бало?”, – деб ёзган ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Элмира Боситхонова ушбу рўйхатга алоқаси борлигини рад этди. Унинг ЎзАда эълон қилинган мурожаатида жумладан шундай дейилади:

“Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида хотин-қизларни таснифлайдиган, тоифага ажратадиган рўйхатни шакллантиришга қатъиян қаршиман. Бугун интернет тармоғида шов-шувга айланган “хотин-қизларнинг 23 та тоифаси рўйхати” тузилишига менинг ҳеч қандай алоқам йўқ. Журналистлар, блогерлар ҳамда интернет фойдаланувчиларидан менинг шаънимга айтилаётган ҳақоратларни тўхтатишларини сўраб қоламан”.

Боситхонованинг мурожаатидан бироз аввал ЎзАда эълон қилинган ва Хотин-қизлар қўмитасининг расмий позицияси экани айтилган бошқа бир баёнотда қўмита аёлларни камситадиган рўйхат тузилишини қатъиян қоралаши, буни демократия тамойилларига зид деб ҳисоблаши айтилади.

Шу билан бирга, баёнотда Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси томонидан пойтахтда яшовчи хотин-қизларнинг 23 та тоифа бўйича электрон картотекаларини шакллантириш вазифаси белгилаб олингани тан олинади ҳамда ушбу рўйхатни тузишдан мақсад ижобий бўлганига ишонтиришга уринилган.

Ҳар икки баёнотда Тошкент шаҳар ҳокими тасдиқлаган қўшма қарор бекор қилиниши ёки Хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати баёнотида таъкидланганидек, мақсад ижобий бўлгани учун ҳаётга татбиқ этилишига ойдинлик киритилмаган.